Кеча Лондонда шахмат бўйича «WR Chess Masters» мусобақасига старт берилди. Унда икки ҳамюртимиз — Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров иштирок этиши ҳақида хабар бериб ўтгандик.
16 нафар спортчи иштирок этадиган турнир нокаут тизимида ўтказилмоқда. Кеча нимчорак финал босқичи ўйинлари ўтказилди.
Турнир формати: Биринчи 30 та юриш учун 60 дақиқа, кейинги 20 та юришга 30 дақиқа ва ўйин охиригача яна 30 дақиқа. Шахматчилар рақиблари билан ҳам оқлардан, ҳам қоралардан 1 тадан партия ўйнашади, мағлуб бўлган иштирокчи турнирни тарк этади.
Абдусатторов илк босқичда швейцариялик Александра Костинюкка қарши баҳс олиб борди. Илк партияда ҳамюртимиз оқ доналарда ўйнади ва ғалабага жуда яқин эди. Аммо Абдусатторов 32 ва 33-юришларда қўпол хатога йўл қўйди: у G пиёдани икки катак суриб, Шоҳнинг мудофаасини очиб қўйди. Натижада рақиб қарши ҳужумга ўтиб кетди ва ғалаба қозонди.
Нодирбек иккинчи партияда қора доналарда ўйнаб, ғалабага эришди. Александр 32-юришда мағлубиятини тан олди.
Ҳисоб тенглашгач, ғолиб номи Армагедон партияда аниқланди. Унда оқларга 10 дақиқа, қораларга 8 дақиқа берилади ҳамда оқлардан ғалаба талаб этилади. Дуранг эса қоралар учун ғалаба тақдим этилади. Қуръа кўра, Абдусатторов Армагедонда қора доналарда ўйнади. Ватандошимиз учинчи партияда ҳам ғалабага яқин эди. Аммо Костинюк 44-46-юришларда кетма-кет шоҳ бериб, бир юришни 3 марта такрорлади. Бу эса дуранг дегани. Дуранг қоралар учун ғалабага тенг.
Жавоҳир Синдаров ва франциялик Максим Ваше-Лаграв ўртасидаги асосий партияларда дуранг қайд этилди. Синдаров Армагедонда оқ доналарда ўйнади. Жавоҳир ўйин давомида устунликка эришди. Аммо 30, 31 ва 32-юришларда ноаниқлик туфайли вазият тенглашиб қолди. Натижада франциялик рақиб дурангни ушлаб қолди.
Шу тариқа, Максим Ваше-Лаграв бугун чорак финал доирасида Нодирбек Абдусатторов билан тўқнаш келади.