«Реал»нинг ҳужумни яхши кўрувчи ярим ҳимоячиси Федерико Вальверде октябрь ойидаги ФИФА кунлари арафасида France Football нашрининг интервью ҳақидаги илтимосини рад этмай, журналистларга маълум вақт ажратди.
Суҳбат давомида эса футболчи Уругвай миллий жамоаси ва «Мадрид» ўйинлари ҳақида фикр юритди. У яна ўзи билан ишлаган мураббийларга алоҳида тўхталди.
Марсело Бьелса ҳақида
- Тушунарлики, Бьелса қўл остида тинмай тер тўкиш, кўп шуғулланиш талаб этилади. У ҳар бир машғулотда футболчиларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан чарчатади. Муҳими, бунинг натижаси ўйинлар якунида кўринади. Машғулотларда доимий босим остида ишлаш, интенсив ҳаракатланиш катта куч олиши тайин, ўйинлар пайти эса бундай оғир меҳнат бекор кетмаганини тушунасиз. Шунинг-дек, Бьелсанинг ҳар бир кўрсатмасига эътибор қаратишингиз шарт, акс ҳолда...
Зайниддин Зидан ва Карло Анчелотти ҳақида
- Ҳар иккиси футболга деярли бир хил қарайди. Дейлик, Зидан ҳам, Анчелотти ҳам футболчилар билан кўп мулоқотга киришади. Яъни улар аввало, ўз режаларини обдон тушунтиришади. Лекин ҳар иккиси ўта талабчан. Буни Зидан ёки Анчелотти билан ишлаб кўрган ҳар бир футболчи тасдиқлаши мумкин. Улар шунингдек, кийиниш хонасида доимий соғлом муҳит ҳукм суришига қаттиқ эътибор қаратишади.
Ҳимоя ва ҳужумда ишлаш ҳақида
- Ҳимояга қарашиш мажбуриятидан холи футболчилар ҳам бор. Шахсан мен ҳужумчиларимизнинг ҳимояланиш учун ортга қайтмасликларидан ортиқча ташвишланмайман. Чунки уларнинг асосий вазифалари - рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтириш. Ҳа, ҳужумчилар вақти-вақти билан ҳимоявий ҳаракатларга ёрдам беришади, лекин улардан доимий равишда ортга қайтишни талаб қилиш нотўғри. Худди ҳимоячилардан 90 дақиқа давомида ҳужумга қўшилишларини кутолмаслигингиз каби...
Кроос, Модрич ва Каземиро ҳақида
- Айнан шу учлик ёнида ўйнаб, етук футболчига айландим. Агар менга қўйиб беришганида, бу йил «Олтин тўп»ни Кроос қўлига тутқазардим - у нафақат техник ва тактик маҳорати, балки инсоний фазилатлари билан ҳам ҳурматга лойиқ.
Ёшлар ҳақида
- Ҳали анча ёш бўлсамда, ҳозир «Мадрид» фахрийларидан бириман. Шундай экан, Эндрик ва Арда Гюлер каби йигитларга қайсидир масалада маслаҳат беришим ёки ёрдам таклиф этишим мумкин. Зеро, вақтида фахрийлар менга ҳам кўп нарсаларни ўргатишган, энди барчасини ёшларга етказишим керак.
Жорий мавсум ҳақида
- «Реал» - дунёдаги энг яхши жамоа. Ғалабаларга чанқоқликни сақлаб қолиш ва майдонга қандай кайфиятда тушишни назорат остига олсак, бас. Чунки баъзида ўйин бошида ўзимизни жуда бўш қўйиб юборяпмиз. Агар шу камчиликни йўқотсак, рақибларимизга янада қийин бўлади.
«Олтин тўп» ҳақида
- Агар номзодларнинг кучли 15талигига кирсам, бағоят хурсанд бўламан, лекин янада кўпроқ ишлаш учун доим сабаб топилади. Дейлик, келаси йили кучли ўнталикка киришга интиласиз. Фақат шундай ёндашув билан ўсишда давом этишингиз мумкин.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади