Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш баҳсларига тайёргарликни 2 июнь куни Тошкентда бошлайди.
Миржалол Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралашининг сўнгги икки тури олдидан илк йиғинини 2 июнь куни Тошкентда бошлайди. Миллий терма жамоа Тошкентда икки кунлик йиғин ўтказади ва 4 июнь куни Пекинга учиб кетади. Хабарингиз бор, миллий терма жамоа саралашнинг муҳим ўйинлари олдидан 6 июнь куни Хитой терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказади. Мазкур ўртоқлик ўйини Хитойнинг Хахот шаҳрида бўлиб ўтади.
Хитой терма жамоасига қарши учрашувдан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси делегацияси 7 июнь куни Сеулга учиб кетади. Эслатиб ўтамиз, айни дамда ЖЧ-2014 сўнгги саралаш босқичи «А» гуруҳида пешқадамлик қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 8-тур доирасида 11 июнь куни Сеулдаги «World Cup» стадионида Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушади. Таъкидлаш лозим, бунгача Жанубий Корея терма жамоаси саралашнинг 7-турида 4 июнь куни Бейрутда Ливан терма жамоасига қарши ўйнайди. Саралашнинг 7-турида Ўзбекистон терма жамоаси дам олади. Жанубий Корега қарши 11 июнь куни майдонга тушадиган Ўзбекистон терма жамоаси 12 июнь куни Тошкентга қайтади ва саралашнинг сўнгги тур ўйинига тайёргарлик кўради. Қосимов бошчилигидаги миллий терма жамоанинг ЖЧ-2014 саралашидаги сўнгги ўйини эса 18 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтади. Шу куни Ўзбекистон ўз майдонида Қатар миллий терма жамоасини қабул қилади.