Кириш Регистрация
02/12 00:45 Лечче - Ювентус
02/12 01:00 Реал Сосьедад 2-0 Бетис
03/12 00:45 Рома - Аталанта
03/12 01:00 Севилья 1-1 Осасуна
03/12 23:00 Мальорка - Барселона
04/12 00:30 Ипсвич - Кристал Пэлас
04/12 01:15 Лестер - Вест Хэм

Мураббийлар: Рекордчи қария

Баҳо:
+ | -

Августь ойида Мирча Луческу Руминия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди.

Футбол олами учун бу ўзига хос сюрприз бўлди. Албатта, Эдуард Йордэнескунинг терма жамоани тарк этишидан у ердагилар хабардор эдилар. У мусобақалар бошланишидан аввал федерация раҳбариятини огоҳлантирганди. қарорга қандайдир муаммо сабабчи эмас, мураббий шунчаки, қисқа вақт танаффус олишга қарор қилганди. Хуллас, июль ойи охирида Йордэнескунинг шартнома муддати ниҳоясига етди, шундан бери мураббий ишсиз юрибди.

Бироқ Мирча Луческунинг қайтишини ҳеч ким кутмаганди. Қарийб бир йил муқаддам Киевнинг «Динамо»си билан ҳамкорликни тўхтатган мураббий асосий эътиборини оиласига қарата бошлаган ва нафақа чиқишни мўлжаллаётгандек кўринганди. Бироқ Луческу Руминия терма жамоасига қайтишга қарор қилди.

Мамлакат ФФ мутасаддилари энди Йордэнескудан юқорироқ малакали номдор мураббийни танлаш лозим, деган фикрда эдилар. Маҳаллий «Фарул» клубида ишлайдиган Георге Хаджи кўпчилик номзодлар орасида етакчи эди. Бироқ Георге клубдан кета олмаслигини айтиб, таклифни рад этди. Шунингдек, федерация 2020-2021 йилларда Руминия ёшлар терма жамоасини бошқарган Адриан Муту ва паралел равишда Луческу билан боғланди. Якунда Мирча бобо оиладаги қаршиликка қарамасдан, таклифни қабул қилди. Янгилик эълон қилинадиган куни бош мураббий шундай деганди: «Зерикиб қолдингизми? Биргаликда ажойиб тарихни давом эттирамиз. Кеча 3 соатга яқин фақат футбол ҳақида гаплашдик. Мени мураббийликка таклиф этишади, деб ўйламагандим. Очиғини айтганда, ўзим ҳам таклиф қилишларини истамасдим. Чунки ёш мураббийларни кўришни хоҳлардим. Биламан, бу осон иш эмас. Лекин мен пешқадам жамоанинг навқирон авлодига ишонаман. Менга маблағ ҳам, шон-шуҳрат ҳам керак эмас. Терма жамоа билан ишлашга бошимдан кечирган бахтиёр онларим мажбур этди. Мени бу ерга футболга бўлган муҳаббатим олиб келди».

Руминиялик афсонанинг терма жамоага қайтишини ватандошлари мамнуният билан қарши олишди. Ахир у 1981-1986 йилларда миллий жамоа билан ишлаганди. 90-йиллар охирида бир йил Бухарестнинг «Рапид» клубини бошқариб, кейинги 20 йилни хорижий жамоаларда ўтказди.

Айрим мутахассислар Луческунинг кейинги фаолияти хусусида фикр билдириб, уни катта футболга йўллаган ва эришган муваффақиятларига сабабчи бўлган она юртига миннатдорчилик билдириш вақти келганлигини таъкидладилар. Унинг кексайиб қолганлиги ва саломатлиги ҳеч кимни иккилантиргани йўқ. Мирча бободан сезиларли даражада кичик бўлган федерация президенти терма жамоанинг янги бош мураббий раҳбарлигида янада ривожланиши ва ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритишига ишонч билдирди.

Луческунинг супер старти. 3та ғалаба,  9та гол

Янги бош мураббий муҳокамаси дастлабки ўйинга қадар давом этди. Масалан, у ўтмишдоши даврида можаро туфайли жалб этилмаган Александру Митрицэни рўйхатга киритди. Шунингдек, 5 йил муқаддам фаолиятини тўхтатган Александр Кипчу ҳам қайтди. Шахсан Луческунинг ўзи 35 ёшли фахрийни қайтишга кўндирди ва йиғинга таклиф этди. Юлиан Кристя эса 30га чиққунга қадар умуман, терма жамоага жалб этилмаганди. Мирча уни ҳам кўндирди.

Яна бир нечта навқирон ўйинчилар ҳам таркибдан жой олишди, асосий ўзаги Евро-2024да шаклланган жамоа якунда 1|8 финалгача етиб борди. Луческудан ортиқча тиришқоқлик талаб этилмади. С лигасида қатнашаётган руминлар илк турда Косово дарвозасига 3та жавобсиз гол уришди. Кейин Литва ҳам ўз дарвозасидан шунча тўп олиб чиқди, лекин битта гол уришга муваффақ бўлди. 

Октябрь ойидаги беллашувлар арафасида ажойиб янгилик келди. Словениянинг «Олимпия» клубида ўйнайдиган Рауль Флоруч Австрия терма жамоасидан таклиф кутиб ўтирмай, Руминия спорт фуқароси ҳуқуқини олиш учун ҳаракат қила бошлади. Маҳаллий медиа хабарларига кўра, бу масалада Луческу билан бўлган мулоқот муҳим роль ўйнаган.

Яқинда Руминия Кипрга ҳам 3та жавобсиз гол ҳадя этиб, етакчилик мавқеини мустаҳкамлаб олди. Якунда жамоанинг В дивизионига кўтарилиб олишига тўсиқ бўладиган сабаб йўқ ҳисобида. Луческу матбуот анжуманларида нафақат ўйин хусусида, балки бошқа жиҳатлар ҳақида ҳам фикр билдиради. Масалан, охирги ўйиндан кейин мураббий шундай деди: «Бир пайтлар румин футболига нимадир беришим шарт деган, фикр хаёлимдан ўтганди. Ўшанда футболдан кетганимга 8 ой бўлганди. бу вақтни болалар, набира ва абираларга бағишлаб, уларга ғамхўрлик қилдим. Бироқ кейин фаолиятни айнан Руминия терма жамоаси мураббийи мақомида якунлаш керак эканлигини тушундим. Менинг шу ерда эканлигим жамоага ёрдам беради, деб ўйлайман. Саломатлигим жойида, энтузиазм бор экан, жамоа манфаати учун курашишда давом этаман».

15 октябрь санасида Руминия терма жамоаси Каунас шаҳрида Литва терма жамоаси меҳмони бўлиб, сафардан камтарин (2:1) ғалаба билан қайтди. Луческу беллашувни одатдагидек, майдон четида завқ-шавқ билан кузатди ва рекордларни янгилашда давом этмоқда. Мирча бобо - юксак даражадаги жамоани бошқараётган энг кекса мураббий!

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:11, 31.10.2024.
Ўқилди: 881 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.