Корея Республикасининг Сеул шаҳрида ОФКга аъзо ассоциациялар президентлари ҳамда бош котиблари иштирокидаги конференция бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо мамлакатлар қаторида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ва бош котиб Аваз Максумов иштирок этди.
Конференцияда чиқиш қилган ФИФА президенти Жанни Инфантино ва ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа Осиёда футболни янада ривожлантириш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, болалар, аёллар ва оммавий футболни янги даражага олиб чиқиш, ўзаро ҳамкорликка қаратилган дастурларни биргаликда амалга ошириш бўйича келгуси режалар ҳақида фикр билдириб ўтишди.
ОФК президенти бундай конференция доирасидаги конструктив мулоқот ва истиқболли суҳбатлар Осиё футболи келажагига катта ишонч бағишлашини қайд этди:
«Асосий ислоҳотларимиз янги йўналишни белгилаб бераётган муҳим бир пайтда, барчамиз қитъада футболнинг янада кўпроқ имкониятларини очишга тайёрмиз. Шуни ишонч билан айтаманки, ОФК бундан кейин ҳам аъзо ассоциациялар ва минтақавий ассоциациялар билан яқин ҳамкорликда ишлашда давом этади.
Биз Осиёда ушбу спорт тури мавқейини кўтариш учун кўпроқ илғор ташаббуслар ва дастурларни жорий этиш тарафдоримиз ва ушбу конференция, албатта, Осиё мамлакатларини янада бирлаштириши шубҳасиз», деди Шайх Салмон.
Конференцияда муҳокама қилинган масалалар ва илгари сурилган тафклифлар Осиё футболининг янада юксалишига хизмат қилишига ишонч билдирилди. Тадбир давомида, шунингдек, кун тартибидаги муҳим масалалар кўриб чиқилди.