Бугун юртимиздаги унча таниқли бўлаган сайтлардан бирида миллий терма жамоамиз ва "Локомотив" футбол клуби футболчилари Санжар Турсунов ва Фарҳод Тожиев ҳақида хабар чиқди.
Хабарда ушбу футболчиларни пойтахтнинг тунги клубларида тез-тез кўришаётгани қистириб ўтилган. Лекин футболчилар айнан нима билан машғул бўлишгани ойдинлаштирилмаган. Энг ҳайратланаралиси — футболчиларимизнинг бундай кўнгилочар масканларга борганлиги ва Россия терма жамоасининг 2009 йилда Словенияга қарши бўлиб ўтадиган ЖЧ-2010 плей-офф учрашуви ўртасида параллел ўтказилган. Ўшанда рус футболчилари ўйиндан бир неча кун аввал тунги клублардан бирида вақтихушлик қилишган ва керакли натижали кўрсата олмай, мундиалдан қуруқ қолишган.
Хабар ЖЧ-2014нинг Жанубий Кореяга қарши ўтадиган саралаш учрашувигача деярли бир ой вақт бўлса-да, (демак, бу билан футболчилар тунги клубларда куни-кеча бўлишганига ишорат қилинмоқда) бундай хатти-ҳаракатларни бемалол амалга ошириш мумкинлигини билдирмайди, деган хулоса билан якунланган.
Чемпионат.уз интернет-сайти ходими Нодирхўжа Юлдашев ҳар икки футболчи билан бу борада суҳбатлашишга улгурди. Келинг, бу хусусда футболчиларнинг ўзи қандай фикр билдиришганига қулоқ солайлик:
Фарҳод Тожиев: — 2013 йил мен учун кутилганидан ҳам омадли келди ва бу омадни қандайдир тунги клубларга алмаштиролмайман. Ҳамма биладики, миллий терма жамоамиз ўз тарихида илк маротаба Жаҳон чемпионатига чиқишга яқин турибди. Ўзи шундоқ ҳам сўнгги пайтларда футболчиларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган хабарлар кўпайиб кетди. Ахир ҳаммамизнинг ниятимиз Жаҳон чемпионатига чиқиш-ку, наҳотки мана шу эзгу йўлда бирлаша олмасак?! Ўша хабарда келтирилган гаплар, бугунги кун учун асоссиз. Мен ўз олдимга жорий мавсум "Локомотив" билан Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиш ва чемпионат тўпурари бўлишини мақсад қилиб қуйганман. Энг катта орзуим эса Жаҳон чемпионатига чиқиш. Илтимос қилардимки, бу каби уйдирма ва салбий фикрлар билан футбол жамоатчилиги ва мухлисларимизни бизга қарши қайрамасинлар.
Санжар Турсунов: — Сизга бир нарса айтаман. Ўша хабарда тилга олинган «CMI» — бу кўнгилочар кафе. Тўғри, у ерга бир марта борганман. Аммо қачон? Янги йилни дўстларимиз билан нишонлаш учун январнинг илк кунларида! Ўша сайт бу борада ишончли далил борлигини айтишимоқда. Менимча, у бирор бармен ёки официант. Агар ўша далил бўлувчи шахслар бизни мавсум бошлаганидан кейин ўша кафеда кўрган бўлсалар бошқа гап. Ҳар бир футболчи учун мавсум якунига етганидан кейин 20 кунлик таътил берилади. Уни қандай ўтказиш ҳар бир кишининг ўз ихтиёрида.
«Monaco» эса — ресторан. Унда ҳеч қандай кўнгилочар ўйин-кулгулар бўлмайди. У ерга замонавий кишилар каби кирасиз ва менюдан таом танлаб, қорнингизни тўйдириб чиқиб кетасиз. Нима, энди кўчадаги тамаддихоналарда овқатланишимиз ҳам мумкин эмасми? Шундай экан биз ҳақимиздаги гаплар асоссиз ва уйдирма. Мухлисларимиздан эса юқоридаги кўнгилсизлик учун узр сўраймиз.
Албатта, ҳар бир киши ишдан кейинги бўш вақтини ўз билганича тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда унинг ҳаёти дахлсиз ҳисобланади ва ҳар қандай аралашув шахсий ҳаётга аралашув сингари баҳоланиши мумкин. Лекин, миллий терма жамоамиз олдида шундай муҳим учрашувлар турганида бу каби асоссиз хабарлар билан мухлислар, мутахассислар ва футболчиларнинг фикр-хаёлларини тўзғитиб, асосий мақсад йўлидан чалғитишдан ҳамкасбларимиз қандай наф кўришади? Россия терма жамоаси билан содир бўлган шу ҳолатда ҳам журналистлар ҳам ўша маълумотни футболчиларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатмаслик мақсадида ўйиндан олдин эмас, ўйиндан кейин ошкор этишган эди-ку?!
Ҳозирча мана шундай гап-сўзлар ғирт ортиқча эканлиги аниқ. Футболчиларнинг майдондаги ҳатти-ҳаракатлари таҳлил ва танқид нишони бўлиши керак, асло оилавий аҳволи, мавсум оралиғидаги дам олиш тарзи эмас.
Энди футболчиларимиздан бу гапи майда-чуйда гапларни тезроқ унутиб, муштарак орзуларимиз йўлида ҳаракат қилишда оғишмасликни сўраб қоламиз. Мухлислар ва ҳамкасбларимиз эса бу йўлда уларга далда бўлишимиз керак! Миллионлаб қоркўзлар сизларга ишонишади ва сиз учун дуодалар! Ўртага Миллат ва Ватан шаъни тикилганини бир зум унутишга ҳаққингиз йўқ.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ