Деку апрель ойидаги "Эл Класико"да Ламин Ямалнинг ҳисобга олинмаган голи билан бўлган эпизод ҳақида гапирди.
Ўтган мавсумда Ла Лиганинг 32-тур учрашувида "Реал" ўз майдонида "Барселона" устидан ғалаба қозонган (3:2).
Ўйиннинг 28-дақиқасида "Барселона" вингери Ямал бурчак тўпидан унумли фойдаланди. Тўп қисман дарвоза чизиғини кесиб ўтди, аммо дарвозабон Андрей Лунин уни бартараф этди.
Бош ҳакам Сесар Сото Градо гол йўқлигини кўрсатди, бироқ видеоассистент билан бир неча дақиқа маслаҳатлашди. Якунда ҳакам ўз қарорини тасдиқлади.
– Ламиннинг Бернабеудаги голи, "Барселона"нинг сўзларига кўра, тўп чизиқни кесиб ўтган ва бунинг учун клуб СТАдан суратлар сўраган. Улар бирор нарса юборишганми?
- Билмайман, бу клубнинг юридик бўлимига берилган савол, лекин менимча, биз сўров қилдик, аммо кейин нима бўлганини билмайман. Ўйлайманки, шикоят қилиш ўрнига футболни ҳамма учун тушунарли қилишга ҳаракат қилиш керак. Бу нафақат "Барселона"нинг муаммоси, балки бутун футболнинг муаммоси.
Эртага "Атлетико" учун ёмон қарор бўлиши мумкин, "Мадрид", "Севилья", "Райо", "Вальядолид"га қарши... Биз ҳозир пешқадаммиз ва балки бу бизга зарар келтирмас, лекин тасаввур қилинг-а, бу турда ҳал қилувчи нуқта бўлганида, чемпионлик ҳал қиладиган ёки қуйи лигага тушиб кетиш ўйини бўлганидачи... "Барселона" жабр кўрди, деб нолигандан кўра, биз тушунмоқчимиз.
Ўйлайманки, бу футбол, Ла Лига ва бошқа клублар билан бундай ҳолат такрорланмаслиги учун фойдали бўлади. Биз шикоят қилмаймиз, чунки ютқазганимиз шунинг учун эмас - улар гол уришди ва биз қайтиб келиб, ўйинни ўзгартира олмадик. Аммо биз бу воқеа содир бўлаётган ҳамма нарсага ойдинлик киритадиган мисол ёки келажакда вазиятни яхшилаш имконияти бўлишини истардик" - деди "Барселона" спорт директори.