Ёш футболчининг профессионал карерасини бошлаши ва унинг хориж клубига йўл олишида футболчи пасспорти муҳим ўрин тутади. Аммо йиллар давомида футболчи паспортини сохталаштириш, ундаги маълумотларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш каби ҳолатлар кузатилган.
Бунинг оқибатида ёш футболчини тарбиялаганлик учун тўланиши лозим бўлган машғулот компенсацияси, бирдамлик механизми орқали клублар ҳисоб-рақамига тушиши лозим бўлган маблағлар масаласида тартиб ўрнатиш қийин эди. Айрим ҳолатларда мураббий ёки бирор расмий вакил клубга келиши лозим бўлган маблағни ўзлаштириши кузатилган. Табиийки, футболчини тарбиялашда иштирок этган мутахассислар шу тариқа тушумдан ўз улушини ололмаган.
MyLeague платформаси ёрдамида Лига футболчини рўйхатдан ўтказиш масаласини босқичма-босқич ривожлантириб келди. 2024 йилга келиб нафақат профессионал футболчилар, балки Лига мусобақаларида иштирок этаётган футбол клубларининг тарбияланувчилари ҳам MyLeague платформаси орқали рўйхатдан ўта бошлади. Бу билан биринчи навбатда ФИФА талаби бажарилди ҳамда ҳар бир футболчи учун ФИФА томонидан бериладиган махсус ID акс эта бошлади. Шунингдек, ФИФА Slearing House тизими талабларига мослашиш осонлашди.
Бунинг давоми сифатида эндиликда Лига рўйхатидан ўтадиган 23 ёшгача бўлган ҳар бир ўзбекистонлик футболчининг электрон паспортини юритиш йўлга қўйилади. Унинг йўналишлари ва шартлари тез орада янгиланадиган "Футболчилар мақоми ва трансфери бўйича регламент" орқали тартибга солинади.
Футболчи пасспорти тўлиқ электрон тарзда тўлиб боради. Ёш футболчи футбол мавсумларини қайси мактабда ўтагани ва бу мавсумлар давомида унга ким устозлик қилгани расмий тарзда акс этади. Мазкур маълумотларни сохталаштиришга бўлган ҳар қандай уриниш йўққа чиқиши учун курашилади. Кейинчалик футболчи илк профессионал шартномасини имзолаётганда машғулот компенсацияси айнан электрон паспортда акс этган маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Яъни, бу каби ишдан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш каби ҳолатлар минималлаштирилади.
Пасспорт учун MyLeague платформаси орқали Лига рўйхатидан ўтган футболчининг шахсий идентификация рақами кўрсатилиши лозим. Бунда футболчи ИД-картага эга бўлса, унда қайд этилган шахсий идентификацияловчи рақам платформага киритилади. Агар футболчи Лига рўйхатидан ўтгунига қадар ИД-карта олмаган бўлса, унинг шахсий идентификацияловчи рақами ФҲДЙ органи томонидан бериладиган маълумотномага асосан қайд этилади.
Изоҳ. Қуйидаги суратда электрон пасспорт шаблони акс этган. Ундаги айрим маълумотлар ҳақиқийсидан фарқ қилиши мумкин, аммо у тасаввурга эга бўлиш учун ёрдам бера олади. Футболчи рўйхатдан ўтган клуб расмийси шу футболчига тегишли маълумотларни Лига регламентлари асосида платформага киритиб бориши эвазига барча деталлар аниқ кўрсатилишига эришади.