Қозоннинг «Рубин» клуби жорий мавсумда Россия чемпионатида жадвалнинг юқори ярмида, 16-турдан сўнг 7-ўринда жойлашган. Рашид Раҳимов шогирдлари ўтиш ўйинлари зонасидан тўққиз очколик устунлик билан узоқлашган. Аммо бу ҳафтада Татаристон жамоаси Россия Кубогининг «РПЛ йўли» босқичидан чиқиб кетди. Биринчи ўйинда 0:0 ҳисоби қайд этилган бўлса, жавоб баҳсида Москвадаги ЦСКАга 0:3 ҳисобида ютқазиб, «Ҳудудлар йўли»га йўл олди.
«Известия» нашрига берган интервьюсида «Рубин»нинг ўзбеклик яримҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев жамоа натижаларига баҳо берди, бош мураббий Рашид Раҳимовнинг истеъфоси ҳақидаги октябрь ойидаги миш-мишларга муносабат билдирди ҳамда ЦСКАда тўп сураётган ҳамюрти Аббосбек Файзуллаевнинг ўйинлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
— Бу мавсум «Рубин» ҳимояда яхши ўйнаяпти, кам гол ўтказаяпти. Нима учун ЦСКАга қарши ўйинда ҳам шундай барқарор ўйин кўрсата олмади?
— Бунинг учун "қўлимиздан келмади" деб айта олмайман. Биринчи бўлимда ҳа, муваффақиятсиз ўйнадик, лекин бу икки-учта хатомиз туфайли содир бўлди. ЦСКА эса улардан фойдаланиб, имкониятларини амалга оширди. Аммо бу алоҳида хатолар эди — умумий олганда, ҳимояда ёмон ўйнадик деб бўлмайди. Бошқа вақтларда тўғри ҳаракат қилдик. Лекин шу хатолар ортидан ўтказиб юборилган голлар биз учун қийин вазиятни юзага келтирди.
— Биринчи ўйиндаги (0:0) вазиятдан фойдалана олмаганингиз туфайли, кейинги учрашувда Москвага устунлик билан бориш имконияти бой берилгандай туюладими?
— Ўша ўйинни эслашни истамайман. Жавоб ўйинида ҳам қўлимиздан келганча ҳаракат қилдик. Лекин омадимиз келмади: ўз хатоларимиз ортидан ЦСКА биринчи бўлимда учта гол урди. Кейин «Рубин» учун қайтиб ўйинга кириш қийин бўлди. Иккинчи бўлимда яхши ўйнадик, лекин ҳужумда етарлича тажовузкор бўла олмадик, шу сабабли гол ура олмадик.
— ЦСКАга қарши навбатдаги ўйинда ўйинингиз бошқача бўладими?
— Ҳимоядан ҳужумга ўтиш жараёнини яхшилашимиз керак. Биз шубҳасиз ривожланамиз ва ҳаммаси яхши бўлади деб ўйлайман.
— ЦСКАда ҳамюртингиз Аббосбек Файзуллаев асосий юлдузлардан бирига айланди. Унинг РПЛда шунчаки қисқа вақт ичида етакчига айлангани сизни ажаблантирдими?
— Йўқ, мен ажабланмадим. У билан болалигимиздан танишмиз. Болалар ва ўсмирлар ўртасидаги турнирларда унга қарши кўп ўйнаганман. Кейин миллий жамоада бирга ўйнадик. У ажойиб йигит ва юқори техник кўрсаткичларга эга футболчи. Буни ЦСКАда ҳам кўрсатиб беряпти. Шу сабабли унинг муваффақиятларига ажабланмадим.
— Кўпчилик унинг РПЛда узоқ қолмаслигини, тез орада Европа чемпионатларидан бирида ўйнашини тахмин қилмоқда. Қайси лига унга мос деб ўйлайсиз?
— Аллоҳ хоҳласа, у у ерда ҳам ўйнайди. Лекин қаерда эканлигини олдиндан айта олмаймиз. Шунинг учун ҳозирча тахминлар билан шуғулланмаймиз!
— РПЛда етакчи гуруҳга яқинлашиш имкониятингиз борми?
— Қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Мавсумни имкон қадар яхшироқ ўтказишга ва юқори ўринларга чиқишга интиламиз.
— Октябрь ойидаги Рашид Раҳимовнинг истеъфоси ҳақидаги миш-мишлар жамоага қандайдир таъсир кўрсатдими?
— Умуман таъсир қилмади. Бу ҳақда гапиришни ҳам истамайман. Бу бизнинг иш эмас. Энг муҳими, жамоада ҳамма нарса жойида. Ҳамма ўз ишини қилаяпти.
— Бу миш-мишлар фонида «Рубин» нима сабабдан барқарор ғалабаларни қўлга киритаётганди?
— Чунки футболчиларнинг ишончи мураббийга боғлиқ. Биз Раҳимовдан ана шу ишончни олиб, очколарни барқарор йиғаяпмиз.