Кеча Моуриньонинг мавсум якунлангач "Реал"ни тарк этишини эълон қилган клуб президенти Флорентино Перес яна бир қатор маълумотларни ошкор қилди.
Таҳмин қилинганидек, "Парис Сен-Жермен" бош мураббийи Карло Анчелотти Мадрид клуби рахбариятининг эътиборида турибди: "Мен ПСЖ ва унинг рахбарларига ҳурмат сақлаган ҳолда бир неча кун олдин уларни бу ерга гаплашиб олиш учун чақиргандим. Аммо парижликлар рахбарияти бу илтимосимизни рад этди".
"Албатта, бизда Анчелоттидан бошқа вариантлар ҳам, қайта ўйлаб олиш учун вақт ҳам етарли", дея қўшимча қилган Флорентино Перес.
Бу ҳақида ПСЖ клуби спорт-директори Леонардонинг айтишича, 19 йиллик танаффусдан сўнг парижликларни Франция чемпионати шоҳсупасига олиб чиққан мутахассис хизматларидан воз кечиш нияти йўқ: "Биз ҳеч кимни ишдан бўшатмоқчи эмасмиз. Ҳар доим томонлар ўртасидаги масалани ҳал этишнинг энг яхши йўли ўзаро гаплашиб олишдир".
Кўриб турганингиздек, ушбу вазиятда Анчелоттининг танлови энг муҳим қарор бўлиб қолмоқда. У ПСЖ рахбарияти билан гаплашиб бир хулосага келишганидан сўнггина, мураббийнинг хоҳишига қараб парижликлар "Реал" билан музокаралар ўтказиши мумкин.
Дарвоқе, Перес Моуриньо ва "Реал" ўртасида муддатидан аввал бекор қилинадиган шартнома учун португалик мураббий аввал белгиланганидек компенсация ҳақи олмаслигини ҳам маълумот ўрнида қайд этиб ўтган.