Саудия Арабистонининг “Ан-Насср” футбол клуби собиқ дарвозабони Валид Абдулла португалиялик футболчи Криштиану Роналдунинг ислом динини қабул қилиш нияти борлиги ва Саудия маданиятига чуқур мослашиб бораётгани ҳақидаги маълумотлар билан жамоатчилик эътиборини тортди.
Араб телеканалидаги дастурлардан бирида меҳмон сифатида қатнашган Абдулла, Роналдунинг ислом динини қабул қилиш истаги борлиги ҳақидаги узоқ йиллик миш-мишларни тасдиқлаб, юлдуз футболчининг маҳаллий урф-одат ва анъаналарга қизиқиши юқорилигини таъкидлади.
“Роналду ҳақиқатан ҳам ислом динини қабул қилишни хоҳлайди. Мен у билан бу ҳақда суҳбатлашдим, у ўз қизиқишини билдирди. У аллақачон гол урганидан кейин майдонда сажда қилади, шунингдек, доимо футболчиларга намоз ўқиш ва исломий диний амалларни бажаришни тарғиб қилади”, дейди дарвозабон.
Собиқ дарвозабоннинг сўзларига кўра, Роналду мусулмон жамоадошлари билан яқин бўлиш учун исломий анъаналарга жиддий қизиқиш билдирган ва ҳатто машғулотлар орасида жамоадошларига намоз ўқишга вақт ажратишларини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
“Роналду машғулот пайтида азон янграганда, мураббийдан машғулотни тўхтатишни сўрайди ва азон тугагунча кутади”, деди Абдулла, футболчининг маҳаллий диний урф-одатларга бўлган эътиборини алоҳида таъкидлаб.
Абдулланинг сўзларига кўра, Роналду Саудия Арабистонига илк бора келганида мамлакат маданияти ҳақида кўпроқ билишга катта қизиқиш билдирган.
Бошида мен Криштиануга яқин эдим, чунки у мамлакат маданияти, клуб ва бошқа жиҳатлар билан таниш эмас эди. У жуда қизиқувчан бўлгани боис баъзи нарсалар ҳақида мендан тез-тез сўрарди.Собиқ дарвозабоннинг айтишича, илгари “Реал Мадрид”даги жамоадошлари Месут Ўзил ва Карим Бензема ҳам Роналдуга ислом динини қабул қилиш ҳақида ўйлаб кўришни тавсия қилган.
Абдулланинг сўзларига кўра, Роналду гол урганидан кейин сажда қилгани ва барча футболчиларнинг бир овоздан “Аллоҳу Акбар” деб бақиргани жуда таъсирли бўлган.
Роналду исломни қабул қилиши ҳақидаги тахминларга қарамай, Абдулла футболчининг фидойилиги ва профессионаллигини алоҳида таъкидлади. “У ниҳоятда интизомли ва ўзини ишга бағишлайдиган футболчи. Айнан шу фазилатлар уни бугунги даражага олиб чиқди”, деди дарвозабон.
Шунингдек, Абдулла Роналду ва унинг ўғлини камтарлиги учун мақтади. Унинг сўзларига кўра, футболчи ҳамда унинг ўғли оддий ва самимий муносабатлари билан Саудия жамоатчилиги меҳрини қозонган.