«Хайденхайм» клуби Баден-Вюртемберг регионининг («Фрайбург» ва «Штутгарт» ҳам шу регионда) Хайденхайм-ан-дер Бренц шаҳрида жойлашган.
Регион ишсизлик даражасининг пастлиги ва компанияларнинг кўплиги («Audi Sport», «Mercedes-Benz» «Bosch») билан шуҳрат қозонган. Айнан шаҳарнинг ўзида целлюлоза-қоғоз саноати ва турборедукторлар ишлаб чиқариш кенг ривожланган.
Қизиқарли фактлар:
*** «Хайденхайм» спорт клуби 1846 йилда ташкил этилган. Аввалига у фақат гимнастика уюшмаси эди. Футбол секцияси 1910 йилда очилган. Бироқ фақат 2007 йилда уюшмадан ажралиб чиқиб, Регионал лигада иштирок этишга лицензия олган.
*** 2009 йилда клуб 3-дивизионга, 2014 йилда эса 2-дивизионга кўтарилди. 2019/2020 йиллар мавсумида «Хайденхайм» Бундеслигага кўтарилиш учун «Вердер»га қарши майдонга тушиб, меҳмондаги гол эвазига (0:0, 2:2) имкониятни бой берган.
*** 2022/23 йиллар мавсумида клуб ўз тарихида илк марта Бундеслига йўлланмасини қўлга киритди. Сўнгги турда «Ян Регенсбург»дан 1:2 ҳисобида ортда қолаётган жамоа 93 ва 99-дақиқалардаги голлари эвазига 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, 2-Бундеслига чемпионига айланди. «Ян Регенсбург» эса 3-дивизионга тушиб кетди.
*** Ортда қолган давр мобайнида «Хайденхайм»ни Франк Шмидт бошқариб келмоқда. Франк жамоа сафига 2003 йилда футболчи мақомида келганди. 2007 йилда бутсаларини михга илган футболчини вақтинчалик мураббий лавозимига таклиф этишди. Таклифни мамнуният билан қабул қилган Шмидт 17 йилдан бери жамоа билан ҳамкорлик қилмоқда!
*** Тасаввур қилинг, Франкнинг «Хайденхайм»даги фаолияти даврида «Челси»да 21 марта мураббий алмашди.
*** Клубдаги «умрбоқий» иштирокчи фақат бош мураббийнинг ўзи эмас. 33 ёшли дарвозабон Кевин Мюллер 2015 йилдан бери «Хайденхайм» шарафини ҳимоя қилмоқда. Жамоа сардори Патрик Майнка эса жамоа таркибида 6-мавсумини ўтказмоқда.
*** «Хайденхайм» уй учрашувларини денгиз сатҳидан 555 метр баландликда жойлашган «Фойт-Арена»да ўтказади. У Германиядаги профессионал клублар стадионлари орасидаги энг баланд ўйингоҳ.
*** Стадионнинг сиғими 15000 мухлисга мўлжалланган. Бу Бундеслига клублари орасидаги энг ихчам арена. Лекин клуб мутасаддилари уни кенгайтириш тараддудини кўришаётгани ҳақида маълумотлар бор.
*** Қачонлардир мазкур стадионда атиги битта трибуна бўлган, холос. Ўша даврда арена бор йўғи 500 нафар мухлисни қабул қиларди. 2009 йилда кенг кўламдаги таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Бугунги «Хайденхайм»:
Элитадаги дебют мавсумини 8-ўринда якунлаган Франк Шмидт жамоаси ЕКЛ турнирининг саралаш босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиб, 2 ўйин натижасига кўра (5:3) Швециянинг «Хеккен» клубидан устун келди. Асосий босқичда эса худди «Челси» каби битта ўйинда ғалабага эришди - «Олимпия» (Словения) - 2:1. Кипрнинг «Пафос» (0:1), ва Шотландиянинг «Хартс» (0:2) клубларига имкониятни бой берди.
Жорий мавсумда «Хайденхайм» Бундеслигадаги иштироки билан мақтана олмайди - 16-ўрин, қуйи лигага тушиб кетиш хавфи остидаги жамоадан атиги 5 очкога олдинда. Лекин ундан юқорироқ ўринда бораётган жамоа билан ўртадаги фарқ ҳам сезиларли эмас. Яъни, ҳаммаси «Хайденхайм»нинг кейинги ўйинларига боғлиқ.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жамоа ҳозирда бир қатор етакчи ўйинчиларисиз майдонга тушмоқда. Жумладан, ўтган мавсумни 12та гол ва 3та самарали узатма билан якунлаган Тим Кляйндист ҳам жамоани тарк этган.
«Хайденхайм» - мураббий жамоаси
Гарчи жамоа жорий мавсумни Бундеслигада жуда кўп кўрсаткичлар бўйича ўртамиёна даражада ўтказаётган бўлсада, ЕКЛдаги натижалари ёмон эмас. Шмидт - немис мураббийлик мактабининг малакали мутахассисларидан бири. Прессинг, контрпрессинг ва рақиб жамоалар ўйинлари таҳлили борасида катта тажриба соҳиби. Шубҳа йўқки, Франк мавсумни муваффақиятли якунлаш учун ўзининг бор куч-малакасини кўз очиб кўрган қадрдон клубидан аямайди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади