Самарқанд «Динамо»си сафида ёрқин ва сермаҳсул ўйин кўрсатиш асносида мухлислар наздида миллий жамоамизга номзод футболчи эканлигини исботлаётган косонсойлик ҳужумкор ярим ҳимоячи Анвар Ҳожимирзаев кўп ҳам интервью бермайди.
Ўзи мавсум кашфиётларидан бири билан анча олдин бафуржа суҳбатлашишни режалаштиргандик. Бироқ Суперлигадаги кетма-кет ўйинлар бунга имкон бергани йўқ. Мана, ниҳоят, ФИФА кунлари муносабати билан чемпионатимизда юзага келган кичик танаффусдан фойдаланиб, мақсадга эришдик. Қолаверса, Ҳожимирзаев яқинда ПФЛ талқинидаги Суперлига-2024 рамзий терма жамоасидан жой олди. Шуни алоҳида айтиш керак, футболчи суҳбатга киришишдан олдин келгуси режалари ҳақида сўрамай туришимизни илтимос қилди. У шунингдек, миллий жамоага дахлдор айрим саволларимизга жавоб беришни истамади.
Маълумот учун: Анвар ҲОЖИМИРЗАЕВ :
Туғилган санаси ва манзили: 1994 йил 21 октябрь, Наманган вилояти Косонсой тумани…
Бўйи: 178 сантиметр,
Амплуа бўйича: ҳужумкор ярим ҳимоячи
«Косонсой» футбол мактаби тарбияланувчиси. Фаолиятини ҳам айнан “Косонсой” жамоасида 2015/2016 йиллар (1-лига)дабошлаган. 2020 йили айнан шу жамоада фаолият юритган. Мавсумнинг иккинчи қисмида эса «Нефтчи» билан шартнома тузган. Фарғона жамоасидаги ярим йиллик фаолиятидан сўнг 2021 йили «Қўқон-1912» сафига қўшилган. Қўқонликлар таркибида Про лига-2023 бош тўпурари (16та гол)га айланган футболчи жорий йил январда Самарқанд «Динамо»сига ўтди (2 йиллик шартнома асосида). Ҳужумкор ярим ҳимоячи ноябрь ойидаги ФИФА кунларига қадар элитанинг 24та ўйинида майдонга тушиб, 10та гол урди ва 1та ассист қайд этди. Transfermarkt портали талқинига кўра, Ҳожимирзаевнинг айни бозор баҳоси 350 минг еврони ташкил қилмоқда.
- Савол-жавобларни бошлашдан олдин нима учун ОАВ билан мулоқотдан ўзингизни олиб қочаётганингиз сабабини билсак бўладими?
- Нима десам экан...? Ўзи табиатан камгап, бироз тортинчоқ йигитман. Интервью беришни унча хушламайман. Ўз ишини сўзда эмас, майдонда кўрсатишни маъқул кўрадиганлар тоифасига кирсам керак... Олдинги ўзаро суҳбатимизда айтганингиздек, бундан 2-3 йилча олдин ҳам мени кўпчилик танимасди. Ҳозир эса ОАВ ҳамда футбол жамоатчилиги томонидан илиқ фикрлар эшитяпман. Албатта, бундай эътибор ва эътироф ёқимли, хурсанд бўлмасликнинг иложи йўқ. Лекин ўзим эндигина катта футболга қадам қўяётган ёшларга кучлироқ эътибор қаратилишини истардим. Бу ҳам уларга ўзига хос мотивация бўлиб хизмат қилади, менимча.
- Анвар Ҳожимирзаев фаолиятида туб бурилиш нуқтасига айланган сўнгги 2 йилда нималар содир бўлди? Ўзингизни ўзингиз кашф қилдингизми ёки бунда собиқ жамоангиз «Қўқон-1912»нинг роли катта?
- Ҳа, шубҳасиз ортда қолган охирги йилларда фаолиятим ва ҳаётимда кўп нарсалар ўзгариб кетди. Аллоҳга шукр, қисқа вақтда яхшигина ўсишга эришдим. Ҳар ҳолда, эътиборга тушиб, озми-кўп мухлис орттирдим, жамоада ўз ўрнимни топдим. Тўғриси, ўзимни ўзим кашф қилганимни айтсам, нокамтарлик бўлади. Аввало, ҳаммаси Аллоҳдан. Шунингдек, ота-онамнинг дуолари, «Қўқон-1912» ва «Динамо»даги жамоадошларим ҳамда мураббийлар кўмаги билан шу даражага етдим. Албатта, менга бефарқ қарамаган, имконият тақдим этган ва қўллаб-қувватлаганлардан бағоят миннатдорман.
- Фаолиятингизнинг энг оғир дамларини қандай эслайсиз? Дейлик, бундан 2 йилча олдин нималар ҳақида ўйлагандингиз?
- Кўпчилик билади, асосан «Қўқон-1912» ҳамда «Динамо»даги ўйинларим билан назарга тушдим. Лекин ундан олдин, умуман, футболга кириб келганимдан буён шу кунлар орзусида қандай шуғулланганим ўзимга аён. Демоқчиманки, барчасига тиришқоқлик ва меҳнат орқали эришиш мумкинлигини ўз тажрибамда ҳам кўрдим. Ёшларга маслаҳат беришим ножоиз бўлсада, айтаман - йўлингиздаги қийинчиликлар олдида асло бош эгманг, мақсад сари далил қадам босинг. Шунда Яратганнинг ўзи қўллайди.
- Камтарона фаолият юритган ҳолда, бирданига топ-даражага кўтарилишнинг қандайдир сири борми?
- Қандай сир бўлиши мумкин? Ҳаммаси ҳаракатга боғлиқ. Инсон ҳаётда Ўзидан астойдил сўраса ва шунга яраша ҳаракат қилса, эртами-кеч насибасини олади ҳеч кутмаган пайтда.
- Мавсум аввалида сизга Суперлиганинг айрим жамоаларидан чақирув бўлганини эшитгандик. «Динамо» варианти нимаси билан қизиқтирди?
- Жамоа билан ўтган йили мавсум тугамасидан музокара жараёни бошланган эди. Янги йилдан кейин бош мураббий Вадим Карленович билан алоҳида учрашиб, барчаси ҳақида келишиб олдик. Оддий айтганда, истиқболимни айнан «Динамо»да кўрдим. Чунки жамоада барчаси тўғри йўлга қўйилаётгани сезилиб турганди.
- «Навбаҳор»даги фаолиятингиз клубдаги инқилоб даврига тўғри келганиданми, ишларингиз унча юришмаганди. Агар ортга қайтиш имконияти туғилса, ўйлаб кўрармидингиз?
- Олдиндан аниқ гап айтиш қийин. Ҳозирда довоннинг иккинчи тарафида ўйнаш ёқяпти. Бордию, «Навбаҳор» аниқ таклиф билан чиқса, ўйлаб кўришим ҳам мумкин.
- Сизни кўпчилик қатори терма жамоада ўйнашга муносиб футболчи сифатида кўрсатаётган Вадим Абрамов билан шу масалада гаплашиб турасизми? Эҳтимол, Вадим Карленович «барча учун очиқ эшик»ни қандай таққиллатиш кераклигини ўргатаётгандир?
- Ҳа, ўртамизда бу масалада суҳбат бўлди. Вадим Абрамов футболчига кўп нарса бера оладиган кучли мутахассис, албатта. Аммо миллий жамоа масаласида чуқурлашиш мавриди эмас ҳозир. Биламан, чорлов олиш-олмаслик аввало, ўзимга боғлиқ. Сречко Катанец ҳозиргача чақирмадими, демак, янада қўшишим керак. Ўйлайманки, барқарорликни сақлаб қолган ҳолда, баъзи жиҳатларни янада яхшиласам, эртами-кеч менга ҳам имконият тақдим этилади, барибир. Мақсад ҳам шу - миллий жамоадан чақирув олиш ва халқаро майдонда Ватан шарафини ҳимоя қилиш.
Х.ЮСУПОВ суҳбатлашди