Футбол тадқиқотлари маркази 2024 йилда бутун дунё бўйлаб миллий лигалар ва жамоалар учун энг кўп ўйин ўтказган футболчилар рейтингини эълон қилди. Ўзбекистонлик футболчиларнинг натижалари қандай?
Умумий рейтинг
Майдонда ўтказган вақт бўйича етакчи «Барселона» ва Франция терма жамоаси ҳимоячиси Жюль Кунде бўлди. 2024 йил бошидан 15 декабрга қадар у 69 учрашувда қатнашиб, 5872 дақиқа майдонда ўтказди.
Кучли учликка, шунингдек, Колумбия терма жамоаси ярим ҳимоячиси ва Бразилиянинг «Флуминенсе» клуби футболчиси Жон Ариас (67 ўйин, 5599 дақиқа) ҳамда «Реал» ва Уругвай терма жамоаси ярим ҳимоячиси Федерико Валверде (66 ўйин, 5573 дақиқа) кирди.
Ўзбекистонлик легионерлар орасида рекорд
Хориж клубларида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар орасида ўйинлар сони бўйича ЦСКА ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев етакчи бўлди. Россия Премер-лигаси вакили бўлган 21 ёшли футболчи 2024 йилда ушбу чемпионатда ўйинчилар орасида рекордчига айланди. Файзуллаев 58 учрашувда майдонга тушиб, 3942 дақиқа ҳаракат қилди.
Бу кўрсаткич унинг ЦСКА, шунингдек, Ўзбекистон миллий ва U-23 терма жамоаларидаги ўйинларидан иборат.
Ўзбекистон Суперлигаси натижалари
Мутахассислар Ўзбекистон Суперлигаси футболчилари рейтингини ҳам эълон қилди. «Навбаҳор» ярим ҳимоячиси Одилбек Ҳамробеков бу борада пешқадам бўлди. Тажрибали футболчи нафақат ўз клубида фаол ўйнади, балки Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларида ҳам қатнашди. Йил давомида Ҳамробеков 47 та ўйин ўтказди ва 4114 дақиқа ўйнади - бу лигадаги барча футболчилардан кўп.
Суперлига пешқадамлари учлигидан Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси ва «Насаф» футболчиси Шерзод Насруллаев (41 ўйин, 3462 дақиқа) ва «Навбаҳор» футболчиси Фарруҳ Сайфиев (40 ўйин, 3435 дақиқа) ҳам жой олди.