“Насаф”-“Локомотив” (2:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
— Авваламбор, бугунги ғалаба билан барча “Насаф” муҳлисларини табриклайман. Ушбу ғалабада уларнинг ҳам ҳиссаси катта! Бугун шогирдларим ўйин давомида яхши ҳаракат қилишди ва қайсидир маънода ишончни оқлашди. Биз иккинчи бўлимга келиб рақиб футболчиларининг чарчаб қолишини билгандик. Ўйинда кучни тенг тақсимлай олдик.
— Бугунги учрашувни бошқариб борган ҳакамлар ҳақида нима дея оласиз?
— Ҳакамларни муҳокама қилишни ёқтирмайман. Улар ўз ишининг усталари. Ҳакамлик борасида улар биздан кўра кўпроқ билишади.
— Бугунги ғалабага эришишингизнинг асосий омили нимада?
— Биз рақибни хар бир чизиғини пухта ўргандик ва шунга қарши ўз ўйинимизни намойиш қилдик. Бироқ бугунги ғалабага асосий ҳиссани мухлислар қўшди. Бундай олқишлар бизни ғалабалар сари етаклайверади.
— Жамоада футболчилар билан ишлайдиган психолог мураббий борми?
— Энг зўр психолог — мухлислар! Агар мухлисларимиз бугунгидай олқишлаб туришса, ҳар қандай жамоани мағлуб этишда футболчилар куч топа олишади. Бугунги мухлисликдан миннатдорман! Сиз — журналистлар орқали уларга миннатдорчилигимни билдираман.
— “Локомотив” жамоасида бир қатор тажрибали футболчилар бор. Ёшларимиз улардан қолишмади...
— Биринчи бўлимда улар кучли босим ўтказишди. Биз иккинчи рақамли жамоа сифатида ҳимояландик ва рақибнинг чарчашини кутдик. Иккинчи бўлимнинг ўрталарида уларда чарчоқ сезилди. Яна бир жиҳати рақибнинг энг яхши ҳужумчиси Фарҳод Тожиевни ҳимоячиларимиз ”қуролсизлантиришди”.
— Ёзги трансфер мавсумида “Насаф” яна бир ҳужум ҳужумчи сотиб олса, яратилган вазиятлардан фойдаланиш коэффициенти ошар эди?
— Олий лиганинг барча жамоалари ҳамда терма жамоамизда ҳам ҳужум чизиғи муаммо. Шундай футболчи тополсак, албатта жамоага қўшиб оламиз!