Айтиш шарт эмас, водий, хусусан, Наманганда футболга қизиқиш юқори даражада.
Дейлик, «Навбаҳор» мамлакатимизда мухлислар ташрифи бўйича ҳамиша етакчи ўринлардан жой олиб келади. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда клуб мухлислари томонидан ташкил этилган гуруҳ ва каналлар ҳам талайгина. Мавсум якунида шундай гуруҳлардан бири «Навбаҳор» расмий фан-клуби» каналида жамоа ҳимоячиси Саидазамат Мирсаидов билан самимий мулоқот уюштирди. Қуйида шу суҳбатнинг ёзма шакли эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
- Саидазамат, «Навбаҳор» сафида ўйнаётганингиздан бағоят мамнунмиз. Эшитишимизча, давралар оралиғида хизматингизга «Пахтакор» ҳам жиддий қизиққан эди. Айтингчи, айнан Наманган клуби таклифини қабул қилишингизда қайси жиҳат бош омил бўлди?
- Ҳа, чиндан ҳам, «Пахтакор» собиқ клубим - «Олимпик»нинг бир қатор етакчилари қатори менга ҳам таклиф билан чиққанди. Аммо музокара жараёни якуний босқичгача етиб бормади. Бу орада «Навбаҳор» вакиллари анча ишонарли келишув асосида чақиришди ва якунда Наманганда ўйнашни маъқул кўрдим.
- Аслида «Пахтакор» мактаби тарбияланувчиси ҳисобланасиз. Аммо фаолиятингизни бошқа клубларда давом эттирмоқдасиз. Бунинг сабаби кўпчилик учун қизиқ...
- «Пахтакор»дан 2020 йил охирида кетганман. Ўшанда ёшлар жамоасида ўйнардик. Мавсум якунлангач, бир қатор сафдошларим ва бизни узоқ вақт шуғуллантирган мураббийларимиз бошқа жамоаларга йўл олишганди. Хуллас, шерикларимдан айрилгач, мен ҳам «Пахтакор» тизимида қолишни истамадим. Бу орада «Олимпик» лойиҳаси бошланди ва фаолиятимни Темур Кападзе қўл остида давом эттирдим.
- «Навбаҳор» мухлислари сизни келаси йили ҳам жамоада кўришдан умидворлар. Бу борада шахсий режаларингизни ошкор эта оласизми?
- Мамнуният билан айтишим мумкинки, амалда яна 1 йиллик шартномам бор. Агар раҳбарият «Навбаҳор»да фақат маҳаллий футболчиларни ўйнатиш йўлидан бормаса, унда келаси мавсум ҳам Наманганда тўп сураман. Айни пайт бошқа клублардан ҳам таклифлар тушмоқда, лекин ўзимга қолса, ҳозирча «Навбаҳор»дан кетмайман.
- Жамоа «Андижон»га қарши кечган кубок финалида бурчак зарбаларидан сўнг голлар қўйиб юборди. Аксига олиб, рақибнинг учинчи голи билан тугаган стандарт вазиятга сиз сабабчи бўлдингиз. Аслида ўша ҳолатда тўпни бурчак эмас, ён чизиқ томон тепиб юбориш ҳам мумкин эди-ку...
- Тан оламан, майдондаги ҳолатни баҳолашда шошилиб қолдим, лекин бурчак зарбаси мутлақо бошқа эпизод-ку. Дейлик, мен туфайли пенальти белгилангани йўқ ёки рақибга тўпни олдириб ҳам қўймадим... Тўпни бурчакдан ўйинга киритилиши - бу моҳиятан янги эпизод. Шундай экан, «Андижон»нинг учинчи голида ёлғиз мени айблаш унчалик тўғри эмас. Ўша куни стандарт вазиятларда мутлақо ишончсиз ҳаракатланганимиз эса айни ҳақиқат.
- Кубок финали фаолиятингиздаги энг аламли ўйин бўлса керак...
- Ҳозирга қадар финалда икки марта мағлубият аламини тотиб кўрдим. Энг оғриқлиси дарҳақиқат, Фарғонадаги ўйин.
- «Навбаҳор»нинг бир ўйинда бешталаб гол уришини анчадан буён кўрмаётгандик. Мавсум якунига келиб маҳсулдорлик кескин ошгани ўйин услуби ўзгарганига боғлиқми ёки...?
- Эътибор қаратган бўлсангиз, иккинчи даврада анча ҳужумкор ва очиқ футбол намойиш этдик. Бироқ баъзи учрашувларда вазиятлардан самара чиқаришда оқсадик. Сўнгги турларда эса бу борада омадимиз чопди. Эҳтимол, мураббий кўрсатмаларини тўғри бажара бошлагандирмиз, балки финиш маррасида ўйинимиз ҳам мукаммал даражада шакллангандир...
- «Навбаҳор»га собиқ устозингиз Темур Кападзенинг келиши эҳтимоли ҳақида гап-сўзлар кўпайганди. Сизнингча, нисбатан яхши натижалар қайд этган Сергей Лушанга ишонч билдириш керакми ёки янги мавсумга Кападзе бошқарувида тайёргарлик кўриш мақсадга мувофиқ?
- Ўзингиз таъкидлаганингиздек, Сергей Лушан қисқа вақтда «Навбаҳор» натижаларини анча яхшилади. Қолаверса, у ўсиб келаётган ёшларга қўрқмасдан ишонч билдирди. Клубнинг келгуси режалари ҳам айни шу тамойилга асосланган. Яъни «Навбаҳор»ни қайси мураббий бошқаришидан қатъий назар, келаси йилги режа ва мақсадлар аниқ белгиланган. Менимча, ҳар икки мураббий танланган ушбу стратегия асосида самарали иш юрита олади. Менга қолса, халқаро ўйинлар орқали катта тажриба тўплаган Темур Кападзе келишини хоҳлардим, шунинг баробарида Лушан билан ишлашни давом эттириш ҳам ёмон эмас.
- Тасаввур қилайлик, Темур Кападзе «Навбаҳор»га келсаю, сизга хориждан яхши таклиф тушса, қандай йўл тутардингиз?
- Қайтараман, жамоа билан ҳамкорлигимиз яна 1 йил давом этиши керак шартнома бўйича. Хуллас, хориждан таклиф тушса ҳам, Наманганда қолардим, барибир.
- Аслида мавсум бошидаёқ «Навбаҳор» сафига қўшилишингиз мумкин эди. Бироқ «Олимпик» раҳбарияти сизни қўйиб юбормади...
- Ҳа, нафақат мен, балки «Олимпик»даги кўплаб футболчилар бошқа клублар билан келишувга эришиб бўлишганди. Якунда ЎФА ташаббуси билан барча йигитлар ортга қайтарилди. Ўз навбатида биз ҳам бундан кўзланган мақсадни тушундик. Зеро, Осиё кубоги ва Олимпиада олдидан жамоа аъзолари етарли ўйин амалиётига эга бўлишлари, ўзаро бирдамликни янада яхшилаш муҳим эди. Хуллас, шу омил туфайлигина бизни яна ярим мавсум «Олимпик»да ушлаб туришди. Бор гап шу.
- Миллий жамоамиз ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичи 5-туридан ўрин олган Қатар термасига қарши учрашувда аламли тарзда мағлубиятга учради. Сизнингча, Дохадаги ўша ўйин натижасига ҳакамлар чиндан ҳам, таъсир ўтказишдими?
- Йўқ, менимча. Ўша ўйинда вакилларимиз 0:2 ҳисобида ютқаза туриб, иккинчи бўлимда мувозанатни тиклаш уддасидан чиқишди. Шундан сўнг мураббийлар штаби дуранг натижани сақлаб қолишни маъқул кўрди, шекилли, тактик ўзгаришларга қўл урилди. Назаримда, айни шу қарор нотўғри бўлди ва бу мағлубиятга олиб келди.
- Терма жамоамизнинг Олимпиададаги иштирокидан қандай тассуротлар қолди?
- Мазкур мусобақада биринчи марта қатнашдик ва менимча, ёмон таассурот қолдирмадик. Агар 2-турда мисрликларни енга олганимизда, кейинги босқичга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилардик. Турнирдаги иштирокимиз қандай чиқиши асосан шу ўйин натижасига боғлиқ эди. Афсус, энг муҳим паллада омад юз ўгирди. Шунга қарамай, Олимпиада фаолиятимизда чуқур из қолдириши муқаррар.
Хуршид ЮСУПОВ тайёрлади