Испаниянинг ички ахборотлар учун ихтисослашган El Confidencial нашри тарқатган маълумотда айтилишича, "Реал" президенти Флорентино Перес ва "Манчестер Сити" бош менежери Ферран Сориано мана бир неча йилдирки трансфер бозорининг икки томонлама тафсилотларини ўзаро муҳокама қилиб келишмоқда. Жумладан, бу каби учрашувлардан бири ўтган ҳафта ҳам бўлиб ўтган.
Муҳокама "Сити" футболчиларини биринчи навбатда "Реал"га сотиши ва мадридликлар ҳам худди шундай йўл тутиши ҳақида кетмоқда (мисол учун, испан матбуоти Давид Сильванинг Мадридга келишини таҳмин қилмоқда). Шунингдек, клублар скаутлик ишларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилади. Агар қайсидир футболчи кўз остига олиб қўйилса, бу ҳолатда томонлар бир-бирига маълумот етказадилар.
Ушбу келишув трансфер бозорида айниқса фаол бўлган "ПСЖ", "Монако" ва "Анжи" клубларига қарши ишлаб чиқилган. Аммо битимнинг энг аҳамиятли жиҳати бу - "Барселона"га зарба бериш. Айнан Каталония гиганти ва унинг муваффақиятлари "МанСити" ва "Реал"нинг "трансферлар жуфтлиги"га айланишига сабаб бўлган. Ушбу бирлашув "Барса" Неймарни ҳарид қилишнинг уддасидан чиққанидан сўнг айниқса фаоллашди.
Хабарларга қараганда, ушбу келишувнинг меваси ўлароқ "Сити" Серхио Агуэрони "Барселона"га сотишга рози бўлмади.