"Локомотив" - "Қизилқум" учрашувидан кейин матбуот анжумани ўтказилди. Унда дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Рустам Забиров иштирок этди.
— Мусобақа жадвалидаги вазиятимиз оғир бўлгани учун ҳар бир ўйинга руҳан чоғланяпмиз. "Локомотив"га қарши биринчи бўлимда анча яхши ўйнадик. Агар қарши ҳужумларда яратилган вазиятлардан фойдалана олганимизда майдон эгаларига қийин бўларди. "Локомотив"дек жамоага қарши ўйинда 1:0 ҳисоби — катта устунлик эмас. Йигитлардан иккинчи бўлимнинг дастлабки 15 дақиқасида интизомли ўйнашни сўрагандим. Аммо улар Нагаевни қўйиб юборишди ва натижада барчаси барбод бўлди. Охиригача ўйнашга ҳаракат қилдик, аммо чарчаб қолдик. Бугун ютқазган бўлсак-да, бугун мавсумдаги энг яхши ўйинимизни намойиш қилдик.
— Жамоа етакчиларидан бири Илья Ильин нима учун бугун майдонга тушмади?
— Унда оилавий муаммолар бор шекилли, машғулотларда ҳафсаласиз ишлади. У ўйинга тайёр эмасди. Қолаверса, унинг ҳисобида 3та сариқ карточка бор ва бундай кайфият билан ўйнаган футболчи огоҳлантириш олиши аниқ. Ундан уй учрашувларидан фойдаланамиз.
— Биринчи бўлим тугашига бир неча сония қолганида ўтказиб юборилган гол ҳам жамоа кайфиятига таъсир кўрсатдими?
— Шубҳасиз, бўлим тугаши арафасида ўтказиб юбориладиган голлар футбочлиларга руҳан таъсир қилади. Агар бўлимни ғалаба билан тугаганида иккинчи бўлимни бошқача кайфиятда бошлашимиз мумкин эди. Умуман олганда, ҳар қандай жамоа билан ўйнаш мумкин.