Кеча бўлиб ўтган Олий лига 10-турининг сўнгги "Пахтакор"-"Гулистон" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида ҳар икки жамоа устозлари ўйин ва бошқа ҳолатлар тўғрисида фикрларини билдириб ўтишди.
Мурод ИСМОИЛОВ (Пахтакор бош мураббийи): - Бугунги учрашувдан аввал тезкор гол уриб, зафар қучишни мақсад қилгандик. Гулистонликларнинг беллашувга жиддий тайёргарлик кўраётганидан хабаримиз бор эди. Дастлабки дақиқалардан ҳужумга ташландик ва икки бор гол урдик. Кейин бир қатор вазиятлардан фойдалана олмадик. Футболчиларни ўз савиясидан юқорига кўтариб бўлмайди. Ҳужумчилар тўғрисида шундай дейишим мумкин. Машғулотларда минг ишлаганинг билан ҳар бир ҳолатдан гол урадиган қилиш қийин.
Мени бир жиҳат ўйлантирди. Гарчи, йиғинда бўлмаса ҳамки, бугун ёшлар терма жамоаси аъзоларининг майдонга тушишига рухсат берилмади. Уларнинг кўпроқ ўйнагани фойдали эмасми? Икки кун аввал ёшлар термасининг баъзи ўйинчилари ўз клублари сафида ўртоқлик учрашувида иштирок этишди. Биздан эса Испанияга бормайдиган ўйинчиларнинг ҳаракат қилишига ҳам рухсат беришмади. Натижада 1995 йилда таваллуд топган Игорь Роговановни майдонга туширишга мажбур бўляпман. Майли, биз ҳар қандай мушкул ҳолатдан чиқиб кетамиз. Лекин мени мураббий сифатида ушбу таъқиқ ранжитди.
Имкониятлардан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги ўйин савияси ва натижа мени қониқтирди. Энди юзага келган танаффусда машғулотларни давом эттирамиз. Ёшлар, миллий терма жамоа йиғинлари ва Универсиада муносабати боис таркибимиздаги кўплаб футболчилар жўнаб кетишади. Қолган бир неча ўйинчилар билан машғулотда ишлаймиз. 10 июнда назорат басҳида Динамо билан майдонга тушамиз.
Бахтиёр АШУРМАТОВ (Гулистон бош мураббийи): - Пахтакорни бугунги ғалаба билан табриклайман. Рақиб бугун кучлироқ ўйнади ва ғалаба қозонди. Бугун мен шогирдларимга ҳужумкор ўйин намойиш этишимизни айтгандим. Шу сабабли ҳам илк дақиқалардан бошлаб икки ҳужумчи билан ўйнадик. Балки, мана шу ҳолат ҳам мағлубиятга олиб келгандир. Аммо йигитларни бугунги мағлубиятда айблай олмайман. Улар бугун қўлларидан келганича ўйнашди. Агар мана шу тарзда ишлашда давом этсак, жамоа юқори ўринларни эгаллаши, футболчиларимизнинг битта ёки иккитаси келажакда терма жамоага ҳам чақирилиши мумкин.
Иккинчи даврада кучлироқ футболчиларни ўз жамоада кўришни истайман. Аммо тан олиш керак, бунга молиявий аҳволимиз йўл қўймайди. Биз олий лиганинг бошқа клублари асосий таркибига кира олмай қолаётган футболчиларни ижарага олишимиз мумкин. Лекин шу кунгача ҳеч бир футболчи билан бу борада гаплашганим йўқ.
Ўзбекистон Кубоги чорак финалида Пахтакорга қарши ўйнаймиз. Ўша ўйинларда ким ғолиб бўлишини айтиб бера олмайман, аммо битта нарса аниқ: бу ўйинларда шогирдларим бор кучлари билан ўйнашади. Имкон қадар кубокда ярим финалга чиқишга ҳаракат қиламиз.