Миржалол Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 июнь куни Тошкентда машғулотларга киришди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар тарқатди.
Миллий терма жамоа Тошкентдаги икки кунлик машғулотлардан сўнг 4 июнь куни Хитойга учиб кетади. Хабарингиз бор, Қосимов шогирдлари 6 июнь куни Хитойнинг Хаххот шаҳрида Хитой миллий терма жамоасига қарши ўртқолик ўйинини ўтказади. Хитойга қарши учрашувдан сўнг Қосимов шогирдлари ЖЧ-2014 саралаши 9 туридан ўрин олган учрашувда 11 июнь куни сафарда Жанубий Корея терма жамоасига қарши майдонга тушади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси мазкур учрашувда иштирок этиш учун 8 июнь куни Хитойдан Жанубий Корея пойтахти Сеулга йўл олади.
Айни пайтда миллий терма жамоанинг кенгайтирилган таркибидан ўрин олган футболчилар терма жамоа иҳтиёрига келиб қўшилмоқдалар. Миржалол Қосимов Хитой, Жанубий Корея ва Қатар терма жамоаларига қарши майдонга тушиши мумкин бўлган футболчиларнинг якуний таркибини Хитойга жўнаб кетиш олдидан, яъни 4 июнь куни эълон қилади.