"Наполи"га тегишли бўлган Виктор Осимхен яна бир инглиз клуби эътиборига тушди.
Sports Digitale хабарига кўра, 26 ёшли ҳужумчини "Арсенал" ўз сафига қўшиб олмоқчи. Қайд этилишича, лондонликлар Осимхенни ёзги трансферлар ойнасида асосий мақсад сифатида кўрмоқда.
Аввалроқ ОАВда Осимхенга "Манчестер Юнайтед" қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Футболчини қўлга киритмоқчи бўлган клублар 75 миллион евро тўлаши керак бўлади - бу ҳужумчининг "Наполи" билан шартномасида кўрсатилган товон пули.
Осимхен бу мавсум "Галатасарой" сафида ижара асосида тўп тепмоқда. Ҳужумчи турк клуби сафида 27 та ўйинда 20 та гол урди ва шерикларига бешта голли узатмани амалга оширди.













