Кириш Регистрация
25/06 00:00 Албания 0-1 Испания
25/06 00:00 Хорватия 1-1 Италия
25/06 03:00 Колумбия 2-1 Парагвай
25/06 06:00 Бразилия 0-0 Коста-Рика
25/06 20:00 Олимпик 2-0 Сурхон
25/06 21:00 Франция 1-1 Польша
25/06 21:00 Нидерландия 2-3 Австрия
26/06 00:00 Англия 0-0 Словения
26/06 00:00 Дания 0-0 Сербия
26/06 03:00 Перу 0-1 Канада
26/06 06:00 Чили 0-1 Аргентина
26/06 20:00 Андижон - Навбаҳор
26/06 20:00 Металлург - Насаф
26/06 21:00 Словакия - Руминия
26/06 21:00 Украина - Бельгия
27/06 00:00 Чехия - Туркия
27/06 00:00 Грузия - Португалия
27/06 03:00 Эквадор - Ямайка
27/06 06:00 Венесуэла - Мексика
27/06 20:00 Нефтчи - Локомотив
27/06 20:00 Пахтакор - Бунёдкор

Корея ҳам кучли эмас

Баҳо:
+ | -

Ўзбек футбол мухлислари кутган кунлар яқинлшган сари ҳам Ўзбекистон, ҳам Корея матбуотида бўлажак ўйин ҳақида турли фикрлар янграмоқда. Юртимизда асосан мухлислар ва журналистлар бу ўйин ҳақида мулоҳаза юритаётган бўлсак, Кореяда бироз бошқачароқ вазиятни кўрамиз. Уларда мухлис, журналистлар билан бир қаторда терма жамоа мураббийи ва футболчилари ҳам бизни кутаётган ўйин ҳақида турли хил фикрларни билдирмоқдалар. Ҳатто Корея терма жамоаси бош мураббийи Чой Канг Хи ва айрим футболчилари “бизни боғга тош отишга ҳам” улгуришди. Балким қўрқоқ олдин мушт кўтаради, деб шуни айтишар. Чойнинг фикрлашига қараганда, Ўзбекистон кучли жамоа эмас экан. Лекин у ўзининг фикрига қарши тўрт футболчимиздан эҳтиёт бўлиш кераклигини айтяпти. Булар: ОдилАҳмедов ва Корея кей-лигасида тўп сурган Александр Гейнрих, Темур Кападзе, шунингдек, ҳозирда “Сеонгам Ильва Чунма” футбол клуби аъзоси Сервер Жеперов. Мураббийнинг бу фикрлари ҳақиқатан ҳам таҳлиллар асосида айтиляптими? Биз ростдан ҳам Корея учун кучсизми? Нега рақибларимиз мураббийи айнан тўрт футболчимиздан хавфсираяпти? Бизнинг кучсизтомонимиз қаерда? Кореяники-чи? Қандай тактика асосида Кореяни ютиш мумкин? Келинг, манна шу саволларга ҳаминқадар жавоб излайлик.

Чой Ўзбекистонни қанчалик ўрганган?
Авваламбор, бу саволни таҳлил қилиш ўзи кулгили тўғрими? Лекин инсон бирор фикр билдираркан, агар ҳар бир сўзи диққат билан таҳлил қилинса, ичидаги қандайдир сирни билиб олиш имконияти мавжуд бўлади. Шу озгина имконият бор экан, шундан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Биринчи навбатда Кореянинг охирги бешта ўйини натижасига эътиборингизни қаратмоқчиман.

16.10.2012. Эрон – Корея 1:0 (Некунам 75)
14.11.2012. Корея - Австралия 1:2 (Ли Донг Гук 12 — Рукавца 44, Корнвайт 88)
06.02.2013. Корея - Хорватия 0:4 (Манжукич 32, Срна 40, Елавич 57, Петрич 85)
26.03.2013. Корея – Қатар 2:1 (Ли Кун Хо 60, Хеинг Мин Сон 90+7 – Халфан 64)
04.06.2013. Ливан – Корея 1:1 (Матук 12 – Ши Ву Ким 90+7)

Эътибор беринг, Корея охирги бешта ўйиндан 1 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият қайд этган. Мана шу бешта ўйинда ҳаммаси бўлиб 4 та гол киритган. 4 та голнинг 3 тасини ҳужумчилар ўйин пайтида киритган. Фақат сўнгги голни Ши Ву Ким Ливан дарвозасига жарима тўпидан киритган. Ўзбекистон билан бўлажак ўйинга асосий таркибда майдонга тушиши кутилаётган Ли Донг Гук терма жамоа сафида 7 ойдан буён ҳали гол урмапти.

Бу натижалар шунчаки статистика эмас, Кореянинг охирги ўйинларини кўрган футбол ишқибозлари ҳам бу жамоанинг ўйинида кескин пасайиш кузатилаётганини сезади. Жамоада қандайдир руҳий тушкунлик мавжуд, жисмоний, техник, тактик жиҳатдан ҳам олдинги Корея эмас (камчиликларини қуйида батафсил келтириб ўтамиз). Жамоа ярим ҳимоячиларининг охирги ўйинларда ностандарт вазиятларда гол ура олмаётгани, ҳужумчиларда эса яққол етакчининг йўқлиги мураббийни ташвишга солиши турган гап. Чунки Кореянинг ўйин услубида асосан ҳужумчи чалғитувчи вазифасини бажарган ҳолда ярим ҳимоячиларга гол уриш учун имконият яратиб бериши керак. Юқоридан келаётган узун пасларга биринчи бўлиб ҳужумчилар чиқишга ҳаракат қилади, баланд бўйли ҳужумчини ёпишга рақибнинг 2-3 ҳимоячиси овора бўлаётган бир пайтда, ҳужумни ярим ҳимоячилар якунлашга ҳаракат қилади. Бу пайтда рақибнинг ярим ҳимояси ҳимояга ёрдамга етиб келмаса жамоа ачинарли аҳволга тушади, етиб келган тақдирда корейслар қийин аҳволда қолади. Биринчидан, гол уриш қийинлашиб кетади, чунки рақиб ярим ҳимоячилари бўш зоналарни ёпишга улгуради, иккинчидан қарши ҳужум хавфи ортади. Ўзбекистон корейслар бахтига қарши жуда кучли ярим ҳимоя чизиғига эга. Айниқса терма жамоамиз таянч ярим ҳимоячилари ҳозирда Осиёда шак-шубҳасиз энг кучлиси ҳисобланади. Жамоамиз таянч ярим ҳимочилари Аҳмедов ва Кападзе жуда яхши ҳимояланиш билан бирга ажойиб қарши ҳужумларни бошлаб бериш хусусиятига эга. Сервер эса қарши ҳужумларни якунлашда жуда яхши кўрсаткичга эга. Корейслар ҳужумлари ўхшамай асабийлашаётган бир пайтда “десертига” Қосимов Гейнрихдан фойдаланиш имконига эга бўлади. Бу қатъий тартибга амал қиладиган кореяликлар учун шунчаки хаёлпарастлик эмас. Бу бўлиши кутилаётган ҳодисалар. Кореялик футболчилар камдан-кам ҳолларда ностандарт ҳаракатларни амалга оширадилар, жуда кам таваккал қиладилар. Мураббий бу нарсани олдиндан кўра олган, ўзи шундоқ ҳам ўйини қовушмаётган ярим ҳимоячиларини биздаги трио (Аҳмедов, Кападзе, Жепаров) ўйин давомида “еб қўйиши” мумкин. Шунинг учун ҳам мураббий бу футболчилардан хавфсирамоқда. Унинг ўзи ҳам ичида ҳозирги Ўзбекистон ҳозирги Кореядан кучлилигини тан олиб бўлган. Ўзбекистон билан ўйин унинг кейинги тақдирига ойдинлик киритиши мумкинлигини ҳам билади. Фақат Ўзбекистон кучлилигини “сунъий” тарзда тан олгиси келмаяпти. Буни тўғри тушунишимиз мумкин, унинг ўрнида бошқа мураббий бўлганда ҳам худди шундай қилган бўлар эди.

Чой Канг Хининг яна бир хислати эътиборимни тортди. Масалан, терма жамоамиз устози Миржалол Қосимов олдиндаги бирор бир ўйин ҳақида интервью берадиган бўлса жамоа имкониятларидан келиб чиқиб 100% лик имкониятдан тахминан 80-90 фоиз ишонч билан гапирса, кореяликлар устози 100 фоизлик имкониятни 150-160 %га кўтариб гапириш хислати бор экан. Унинг бундай “камтарлигини”ни Кореянинг олдинги ўйинларидаги матбуот анжуманларида ҳам кузатдик.

Шунингдек, кореяликлар устози жамоамизни умумий тарзда ўрганган ва ҳали мукаммал тарзда ўрганолмаган дейишимиз ҳам мумкиндир. Чунки жамоамизнинг кўринмас асосий фигуралари Нестеров, Шораҳмедов, Ҳайдаров, Бақоев ҳам термамизда юқоридаги трио каби муҳим аҳамият касб этади. Балки бу футболчиларимизни ҳам ўрганиб чиққандир, бизга қолса ўрганмагани маъқул.

Терма жамоамизнинг кучсиз томони

Муҳим ўйин олдидан футболчиларимизни руҳиятига таъсир этадиган бу мавзуни муҳокама қилишнинг мавриди эмасдир балки. Лекин муҳим ўйин олдидан мана шу кичик хатоларни тузатиб олсак ажойиб иш бўлар эди. Бу хатоларни тузатиш учун озгина эътибор бўлса бас. Қувонарлиси, хатоларимиз рақибларимизга нисбатан анча кам.

Биринчидан: дарвозабонимиз Нестеров жамоамизни жуда қийин вазиятлардан керак бўлса осонлик билан қутқаради, лекин оддий вазиятларда хатога йўл қўяди. Бу нарса машғулотлар давомида оддий вазиятларда эътиборсизлик билан ҳаракат қилиш натижасида келиб чиқади. Агар дарвозабонимиз мана шу жиҳатга эътиборлироқ бўлса, мухлислар оддий вазиятларда ҳам юрак ҳовучлаб ўтирмасди.

Иккинчидан: ўнг қанот ҳимоячимиз Акмал Шораҳмедов кўп ҳолларда ҳужумга берилиб кетиб орқага қайтишга улгурмай қўяди. Агар Корея билан ўйинга бу камчилиги такрорланадиган бўлса рақиб аяб ўтирмайди.

Учинчидан: қанот ҳимоячиларимиз Шораҳмедов ва Денисов, шунингдек универсал футболчимиз Одил Аҳмедов, охирги ўйинларини таҳлил қиладиган бўлсак, рақиб билан яккама-якка курашларда рақиб футболчисига нисбатан узоқроқда позиция танламоқда ва бунинг оқибатида кўп вазиятларда тўпни рақибга олдириб қўйяптилар ёки ўйин қоидасини бузган ҳолда рақибни тўхтатяптилар. Бу футболчиларимизга озгина риск етишмаётгандек.

Тўртинчидан: марказий ҳимоя ва қанот ярим ҳимоячилари бир-бирларига кўп вазиятда ишониб қолмоқдалар. Эсингизда бўлса, Корея билан уйда ўйнаганимизда корейсларнинг юқоридан ошириб берган тўпини марказий ҳимоячиларимиз ўша вазиятда чап қанот ҳимоясида ўйнаган Гадоевга ишониб қолишган, футболчимиз тўпни қайтаролмагач рақибларимиз бизни гол билан жазолаган эди. Шунингдек, икки марказий ҳимоячиларимиз ҳам кўпинча иккаласининг ўртасида келаётган тўпларга иккиланиб қолади. Кучли рақиб билан ўйинда бундай хатолар ёмон оқибатларга олиб келади.

Бешинчидан: охирги ўйинларда қанот ярим ҳимоячиларимиз унчалик кўзга ташланмади, яъни марказда ўйнайдиган ярим ҳимоячиларимизга нисбатан анча суст. Буни ҳам бир мураббийларимиз муҳокама қилиб олишлари керак. Балки Кореяга қарши 5та марказлашган ярим ҳимоячи билан ўйнармиз (Кападзе ва Аҳмедов қанотда, Ҳайдаров ва Мусаев таянч зонасида, Жепаров ҳужум ортида). Ўтган йил уйда Япония билан ўйинда Вадим Абрамов худди шу усул билан японларни “синдириб” қўйган эди. Бу масалани мураббийларимиз муносиб тарзда ҳал қилади, деган умиддамиз.

Олтинчидан: Ҳужумчи муаммоси. Бу энди сийқаси чиқиб кетган мавзу...

Кореянинг камчиликлари

Биринчидан: энг катта камчилиги вазиятга тўғри баҳо бера олмайдиган мураббийи. Исботи Қатар ва Ливан билан ўйинлар.

Иккинчидан: Жамоа руҳий жиҳатдан тушкун ҳолатда. Жуда катта босим остида.

Учинчидан: Корея ҳимояси тажрибали футболчилардан ташкил топган бўлса-да, ҳимоячилар бир-бирларини яхши тушунишмайди. Ярим ҳимоя ҳам ҳимоячиларга ёрдамга кам етиб келади. Ҳимоя заифлигининг яна бир исботи — Корея охирги 5 та ўйинда 9 та гол ўтказиб юборган.

Тўртинчидан: ярим ҳимоя чизиғининг ҳозирги вақтда парокандалиги. Асосийси, бизни ярим ҳимояга нисбатан кучсизроқ кўриниши.

Бешинчидан: тўпурар ҳужумчи йўқлиги. Гол уришнинг муаммога айланиб бораётгани.

Олтинчидан: футболчиларнинг қатъий йўналиш асосида ҳаракат қилиши.

Еттинчидан: кўп ҳолларда ҳакамларга умид боғлаётгани (исботи бўлмасада шунга ўхшаяпти).


Кореяни қандай ютиш мумкин?

Биринчи навбатда ҳар бир футболчимиздан ўз позициясини яхши ёпган ҳолда кўпроқ ностандарт ҳаракатлар қилиш. Ҳимояни мустаҳкамлаган ҳолда вазият бўлди дегунча тезкор ҳужум уюштириш. Кореянинг марказий ҳимоячилари кўплаб вазиятларда бир-бирини яхши тушунмайди. Бундан ҳам фойдаланиб қолиш керак. Шунингдек, ўз жарима майдонимизда иложи борича камроқ қўполлик ишлатиш керак. Яна бир жиҳатга эътиборни қаратиш лозим. Кореяликларнинг охирги ўйинларига эътибор қаратадиган бўлсак асосан голларни биринчи 10 дақиқалик ёки сўнги ҳакам томонидан қўшилган дақиқаларда киритмоқда. Демак, мана шу вақт давомида ўта эҳтиёт бўлиш керак. 70-80 дақиқалар орасида эса уларнинг ўйинида пасайиш кузатилади. Бунга қарши терма жамоамиз ўйин бошида кореяликларга нисбатан турли асаббузарликларни сунъий равишда уюштирсалар, биринчи босимдан ўтиб олиш осонлашади. Агар ишимиз юришиб гол уриб олсак, сўнгги дақиқаларни арабча футбол билан ўтказсак, корейслар бунга мослашмаган, анча издан чиқади. Бу нарсани ҳаммадан ҳам кўра Гейнрих яхши билади (2011 йил ОЧЛ ярим финали “Сувон Самсунг” ва “Ас-Саад” учрашуви). Бу бизга хос хислат эмас, балки бунга эҳтиёж ҳам сезилмас, лекин мақсадимиз жаҳон чемпионатига чиқиш экан ҳар нарсага тайёр туриш керак. Ярангизга туз сепмоқчи эмасману Бахрайнни бизга кўрсатган “театр”ларини эсланг. Ўшанда ҳам биз кучли эдик.

Бу таҳлиллар ҳаммаси футбол олди назариялари. Ишонамизки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бизга Кореяда туриб Бразилия-2014 йўлланмасини тақдим этади. Биз сизларга ишонамиз. Биз Кореядан кучлимиз, фақат буни майдонда исботлашимиз қолди. Исботлаймиз ҳам!

Абдулло Мўминов
Бухоро шаҳри.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 07:41, 10.06.2013.
Ўқилди: 9265 марта.
Фикрлар: 69 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.