Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Миржалол Қосимов Жанубий Кореяга қарши ўйинни «тарихий» деб атади

Баҳо:
+1 | -

Жанубий Корея ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич 9-тур учрашуви арафасида ҳар иккала терма мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Дастлаб журналистларнинг саволларига Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов жавоб берди. У матбуот анжуманига терма жамоа сардори Сервер Жепаров билан бирга ташриф буюрди.

«Эртанги баҳс биз учун муҳим аҳамиятга эга ва мен уни «тарихий ўйин» деб атаган бўлардим. Биз жаҳон чемпионати финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишни жуда ҳам хоҳламоқдамиз. Мен ўз шогирдларимга ишонаман. Улар эртага, биз бу ердан яхши кайфиятда қайтишимиз учун, қўлларидан келган барчасини қилишади», - деди Миржалол Қосимов матбуот анжумани аввалида.

Қосимов рақиб майдонидаги бўлажак ўйин унинг шогирдлари учун жуда оғир кечишини тан олиб, ўз навбатида, уйга керакли очколар билан қайтиш вазифасини амалга ошириш мумкинлигини қайд этиб ўтди.

«Жанубий Корея – жуда яхши ва жуда кучли терма жамоа. Шунга қарамай, олдимизга қўйилган вазифасини уддалаш мумкин. Шунинг учун ҳам эртага оғир, асабий ва, албатта, қизиқарли ўйин бўлади», - деди Қосимов.

Бўлажак учрашувдаги муваффақиятга Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров ҳам ишонмоқда. Ушбу саралаш босқичи доирасидаги Ливанга қарши сўнгги ўйинда ғалаба тўпига муаллифлик қилган футболчи бош мураббийнинг фикрларини маъқуллаб, у ва унинг жамоадошлари Жанубий Кореяни унинг майдонида мағлуб этишни жуда ҳам исташаётганини қўшимча қилди.

«Бош мураббийимизнинг фикрларига қўшилмай иложим йўқ. Ушбу баҳс биз учун тарихий аҳамиятга молик. Албатта, бутун жамоамиз Жанубий Кореяни сафарда мағлубиятга учратиб, шу билан жаҳон чемпионати йўлланмаси тақдирини ҳал қилишни истамоқда», - деди Жепаров.

Жанубий Кореянинг «Сёнгнам Ильва Чунма» жамоасида тўп сурувчи Сервер Жепаров, Кей-лигада тўп суриши бўлажак ўйиндаги кайфиятга таъсир қилади, деб ҳисобламайди.

«Ҳа, мен Жанубий Корея клуби аъзосиман, бироқ эртага майдонга Ватаним либосида чиқаман. Шу боис, ўйинга руҳий тайёргарлик борасида ҳеч қандай муаммо йўқ», - деди Жепаров.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси делегацияси Жанубий Кореяга учиб бориш чоғида бир қатор қийинчиликларга дуч келди. Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли, терма жамоа ўртоқлик учрашуви ўтказган Хитойдан Жанубий Кореяга рейс бир кунга кечиктирилди. Кейинроқ эса терма жамоа Жанубий Кореяга Владивосток орқали учишга мажбур бўлгани ҳам қўшимча ноқулайлик туғдирди. Бироқ Миржалол Қосимов бу каби кутилмаган ҳолатлар шогирдлари ўйинига таъсир қилмаслигини айтиб ўтди.

«Бу – форс-мажор эди, биз ҳеч нарсани ўзгартира олмасдик. Бироқ Хитойдаги ортиқча бир кунни биз шунчаки ўтказганимиз йўқ. Биз, юзага келган ноқулайликларга эътибор бермасдан, машғулотлар ўтказишга улгурдик. Ҳа, йўлда муаммолар дуч келди, бироқ улар жамоанинг кайфиятига таъсир қилгани йўқ», - деди Қосимов.

Жанубий Корея терма жамоаси ҳужумчиси Ким Шин Вук ҳақидаги саволга Қосимов шундай жавоб берди: «У, гавда билан аъло даражада ўйнай оладиган жуда кучли ва бақувват ўйинчи. Ўзининг жисмоний кўрсаткичлари сабаб, у ҳавода ҳам яхши ўйин кўрсата олади. Бироқ мен уни Жанубий Кореянинг бошқа ўйинчилари орасида ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Терма жамоа таркибида юқори маҳорат ва иқтидорга эга футболчилар кўп», - деди Қосимов.

ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичи сўнгги турида, 18 июнь куни, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз майдонида Қатарни қабул қилади. Қосимовнинг айтишича, ҳозир уни ушбу баҳс қизиқтираётгани йўқ. Унинг барча эътибори Жанубий Кореяга қарши ўйинга қаратилган.

«Ҳақиқатан ҳам, жорий саралаш босқичи доирасида олдимизда иккита ўйин қолди. Лекин мен ҳозир Қатарга қарши ўйин ҳақида ўйлаётганим йўқ, бу ҳақда эртанги ўйиндан сўнг бош қотирамиз. Ҳозир бор эътиборимиз Жанубий Кореяга қарши ўйинга қаратилган. Фақат шу ўйин якунига етганидан сўнг Қатарга қарши тайёргарлик кўришни бошлаймиз», - дея қўшимча қилди Миржалол Қосимов.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 18:21, 10.06.2013.
Ўқилди: 8027 марта.
Фикрлар: 32 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.