Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Тенгма-тенг курашда ютқаздик

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоаси биринчи бўлимнинг дастлабки 15-20 дақиқаси давомида рақибнинг босимига дош бериши кераклиги ҳақида кўп гапирилди. Айнан ўйиннинг боши жамоаларнинг кучи тенг экани кўриниб қолди. Терма жамоамиз тўпни дуч келган томонга тепмади, аксинча кўрқмасдан ҳужум ташкил қилишди.

Учрашувнинг 13-дақиқасида мезбонларнинг ўнг бўйдор футболчиси жарима майдончамиз ичида оёқ билан ноаниқ зарба берди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, Анзур Исмоилов майдон марказининг доираси ёнидан шунақангги зарба бердики, Жунг Сунг Рёнг дарвоза тўққизлигига кириб кетаётган тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Ўйиннинг 19-дақиқасида Ли Кеун Хо омадсизлик туфайли яккама-якка вазиятда аниқ зарба бера олмади. Ҳимоя майдоннинг ўзига тегишли қисмидан тўпни тўппа-тўғри жарима майдончамиз атрофига йўллади. Ким Шин Вук ҳаводаги тўп учун курашда ғолиб чиқди ва ундан келган тўпни Сон Хеунг Мин охиста Ли Донг Гукка тўғрилаб берганди. Ана шу вазиятда Чой Канг Хининг услубларидан бири кўзга ташланиб қолди: Ким Шин Вук жарима майдончаси атрофида ўзига хос плеймейкер вазифасини ўтаб бериши керак.


Орадан 5 дақиқа ўтиб Улуғбек Бақоев 25 метрлар чамасидан зарба беришга қарор қилди. Виталий Денисов майдон марказида тўп учун курашда 3 нафар рақибидан устун келди ва уни "Иртиш" футболчисига етказди. Улуғбекда бошқа вариант ҳам бор эди. Одил Аҳмедов ўнг қанотда яқинлашиб келганида Бақоев уни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқариши мумкин эди. Улуғбек томонидан берилган зарбани дарвозабон қийинчилик билан қайтариб қолди. Орадан 3 дақиқа ўтиб терма жамоамизнинг чиройли комбинацияси Бақоевнинг бош билан берган зарбаси орқали якунига етди. Тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.

Бўлим тугашига 2 дақиқа қолганида ҳакам хатога йўл қўйди. Ли Мюнг Жу жарима майдончамиз ичида тўпни қўли билан ўзига бўйсундириб олиб, Нестеров билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди. 6-рақамли футболчининг зарбаси Нестеровга тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. Айнан мазкур бурчак тўпи кейинчалик голга айланди. Аввалига ҳимоячиларимиз хавфни бартараф этишгандек эди, аммо қарама-қарши қанотда тўпни қабул қилиб олган Ким Йонг Квон тўпни жарима майдончасига етказди. Кутилмаганда, Акмал Шораҳмедов тўпни қайтараман деб, бош билан уни дарвоза тўрига буриб юборди.


Иккинчи бўлим бошидан ташаббусни терма жамоамиз ўз қўлига олди. Тўпнинг назорати натижаси ўлароқ 55-дақиқада Кападзе зарба бериш учун қулай вазиятга чиқдию, зарбага бироз аниқлик етишмади.


69-дақиқада Квак Тэ Хви бош билан бурчак етказиб берилган тўпга кучли зарба берди. Тўпни Нестеров муштлари билан уриб юборди. Кейин мезбонлар яна 2 марта бурчак зарбасини амалга оширишди, дарвозамиз олдида тахликали вазиятлар юзага келди.

Учрашувнинг 75-дақиқасида кореяликлар дарвозабони бу сафар Одил Аҳмедовнинг олис масофадан йўллаган аниқ ва кучли зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди. 82-дақиқада эса Жепаров бурчакдан тўппа-тўғри дарвоза томон айлантиришга ҳаракат қилди. Тўп дарвоза тўсинидан бироз баландроқдан ўтиб, дарвоза тўрининг устига тушди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларига келиб майдонда Гейнрих ва Тожиев пайдо бўлишди. Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида терма жамоамиз чап қанотдан ажойиб ҳужум уюштиришди. Денисов чап қанотдан жарима майдончасигача яқинлашиб, тўпни Гейнрихга етказди. Александр тўпни қабул қилдию, аммо зарба беришга улгурмади — ҳимоячилар тўпни қайтаришди. Ўйиннинг асосий вақти тугашига 2 дақиқа қолганида Жепаров 17 метрдан дарвозага зарба бердию, аммо аниқ бўлмади бу зарба. Орадан бир дақиқа ўтиб Турсунов Гейнрихни бирга бир вазиятга чиқардию, аммо у ўйинда ташқари ҳолатда қолиб кетганди.

Ўйинни ютқаздик, кичик ҳисобда ютқаздик. Балки, бу ҳам бизнинг фойдамизгадир. Ўйин тақдирини кичик эпизод ҳал қилди. Тошкент вақти билан соат 20:30да бошланадиган Эрон-Ливан ўйинини кутамиз ва бу ўйинда ливанликларга мухлислик қиламиз.

Сўнгги турда Қатар устидан йирик ғалаба қозонсак, албатта, биз Мундиалга борамиз! Тушкунликка тушманг.

ЖЧ-2014 САРАЛАШ. "А" ГУРУҲИ. 9-ТУР
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ - ЎЗБЕКИСТОН - 1:0 (1:0)
Гол: Акмал Шораҳмедов (42-автогол)
Огоҳлантиришлар: Парк Жонг Ву (32), Ким Шин Вук (36) — Анзур Исмоилов (80)
Жанубий Корея: 1. Жунг Сунг Рёнг, 4. Парк Жонг Ву, 5. Квак Тэ Хви (Ким Ки Хи 81), 6. Ли Мюнг Жу, 9. Сонг Хеунг Мин, 11. Ли Кеун Хо (Ли Донг Гук 65), 15. Ким Чанг Су, 17. Ли Чунг Йонг (Жи Донг Вон 90+3), 18. Ким Шин Вук, 19. Ким Чи Ву, 22. Ким Йонг Квон
Ўзбекистон: 12. Игнатий Нестеров, 5. Анзур Исмоилов, 7. Азизбек Ҳайдаров, 8. Сервер Жепаров, 9. Одил Аҳмедов, 10. Улуғбек Бақоев (Александр Гейнрих 75), 18. Темур Кападзе (Фарҳод Тожиев 85), 19. Виталий Денисов, 20. Ислом Тўхтахўжаев, 22. Шоҳрух Гадоев, 23. Акмал Шораҳмедов
Ҳакамлар: Тожо Минору, Нишио Хидео, Очи Шинжи, Ямамото Юдай (барчаси — Япония)

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 17:54, 11.06.2013.
Ўқилди: 7263 марта.
Фикрлар: 42 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.