Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Отамдан қолган калькулятор қани?»

Баҳо:
+6 | -

Худди, мен майдонга тушиб, ўзимга ўзим гол ургандек, ёки ўйиндан олдин “корейсларни йиртиб ташлаймиз” деб жар солиб юргандек, телефон қилиб, “нима бўлди буёғи?” деб сўрайдиганлар эзворди. Корейсларнинг заррача темпни оширмай, қандай тушган бўлса, шундайлигича ғалаба қозонгани қанчалик алам қилса, бугунгача учтагина гол урган форсларнинг ливанликлар “тилини топиб олганликлари” дард устига чипқон бўляпти. 

Қатар бунақа рақиб, уларга қарши мана бунақа ўйнаш керак, Тожиевни эртароқ тушириш керак, Гейнрих ягона ҳужумчи эмас, деб минг марта гапирганимиз билан энди фарқи йўқ. Буёғи арча байрам, қанақадир ғалати ўйинлар, ғалати натижаларга мухтожмиз. “Тўплар нисбати катта аҳамиятга эга, шунинг учун бугун бор кучимизни ҳужумга қарата олмадик” деганида балки бизни навбатдаги 0:6 дан қутқариб қолган Миржалол Қосимов балки ҳақдир. Аммо бу ҳолда Ливанга атиги биттагина гол урганимиз эсимизга тушиб, бадтар алам қилишни бошлайди. Шукр, плей-офф йўлланмаси нақд, сўнгги турда тўғридан тўғри мундиалчи бўлишимиз ҳам ўз қўлимизда – Қатарга олтита гол урайлик жавобсиз, нариги ўйин нечча-ю неччи бўлади, деб қизиққан номард. Хуллас,  мабодо Кореяга ютқазиб қўйсак, отам қилган ишни қиламан, дегандим, ваъдага вафо, ўша ишни қиламан, томоша қилиб турасизлар. Ҳисоб китоб қиламан.

Демак, биз энди гуруҳда учинчи ўринга тушиб кетдик. 11 очкомиз бор, тўплар нисбати +1. Гуруҳ пешқадами Корея терма жамоасида 14 очко (+7), Эронда эса, 13 (+5) очко мавжуд. Сўнгги турда Корея Эронни қабул қилса, биз Қатар билан Тошкентида куч синашамиз. Хўш, қайси вариантларда бизни қандай натижа қониқтиради. 

Аввало, бир нарсани, ОФК да биз “бомж” ролини қойилмақом ижро этаётганимизни эслатмоқчиман. Мисол учун, сўнгги турда аслида бизга тегишли бўлган иккита устунликдан “воз кечдик”. “Омад ҳамиша келавермайди” фильмида анови армани бригадир олтинларимиз бор, деб ўйлаб, мукофот пулларидан воз кечади-ку, ўшанга ўхшаб. 

Биринчиси, сўнгги тур ўйини бир вақтда бўлиб ўтади. Бир қараганда, мантиқан тўғри, кўп куатганмиз, сўнгги тур ўйинларининг бир вақтга тўғирлашларини. Лекин айнан мана шу мусобақада бу фактор принципиал аҳамиятга эга эмасди. Эрон роса ҳаракат қилди ва бунга эришди. Ана, нариги гуруҳда сўнгги тур йўлланма тақдирини ҳал қилсаям, бир вақтда бўлиб ўтмайди. Нега энди бизда шунақа бўлиши керак? Кейин, бир жамоа (Ливан) курашни бошқалардан олдин тугатиб бўладиган тақвимда қолган тўрт жамоанинг бир вақтда тугатишидан мантиқ бормиди? Натижада, географик жойлашувимиз бизга тақдим этган устунликдан маҳрум бўлдик, биз Қатар билан ўйнаётганимизда, ушбу ўйиндан ҳам муҳимроқ бўлган Корея-Эрон учрашуви натижасини билмаймиз.

Иккинчиси, бу ҳолат бизни информацион чеклашдан ташқари, иқлим тарафидан ҳам ноқулайлик келтириб чиқаради. Яъни Қатар билан ўйин 17.00 да бошланади. Тошкент учун бу жуда эрта. Ўз ўзидан биз қўшимча муаммога дуч келяпмиз. Хўш, ёзишмалар орқали, ўйин вақтига таъсир кўрсатишнинг иложи бор экан, нега биз ҳам хатбозлик қилиб, 9-турниям бир вақтда бўлишини таъминлай олмадик. Яхшилаб тушунтирсак, бунинг ҳам иложи бор эди, ахир Кореядаги ўйин натижаси Ливанни қабул қилаётган Эрон учун ҳам муҳим эди-ку? Натижада, биз Эрондаги бугунги кўтаринкиликни йўқотган бўлардик, иккинчидан, Эрон ўйинини камида уч соат эрта бошлаб, иссиқроқ, ноқулайроқ об-ҳавода ўйнашга мажбур бўларди. Бор, энди тўртта гол уриб кўрчи, кейин. 

Хуллас, чалғимасдан, протез тиш билан бурнимизни тишлаганча, асосий касбимиз, ҳисоб китобни давом эттирамиз. Қандай ҳолатларда қайси ҳисоб бизни қониқтиради?

Аввало, яхшисидан бошлайман. Жанубий Корея бизнинг хурматимизни қилиб, Эрон устидан ғалаба қозонгудек бўлса, бизни Қатар билан ўйиндаги ҳар қандай ғалаба қониқтиради. Шу ҳолда очколаримиз сони 14 та бўлиб, Эронни бир очкога ортда қолдирамиз.

Агар Жанубий Корея ва Эрон ўртасидаги учрашув дуранг билан тугайдиган бўлсачи? Унда Корея гуруҳ пешқадамлигини сақлаб қолади. Биз Қатарни ютсак, Эронга етиб оламиз ва қуриб кетгур тўплар нисбати эътиборга олинади. Эрон дуранг ўйнайдиган бўлса, +5 лигича қолади. Бизда +1, демак Қатарни тўрт тўп фарқи билан ғалаба қозоншимиз керак бўлади. Тўртта етади, сабаби, шунда биз камида 10 та гол урган бўламиз. Тўплар нисбати тенг бўлса-да, биз кўпроқ гол урганимиз туфайли, иккинчи ўринга кўтарилиб оламиз. 

Агар Жанубий Корея Эронга ютқазадиган бўлсачи? У ҳолда, Эронга ета олмаймиз. Жанубий Кореяга очколар бўйича етиб оламиз, ва тўплар нисбати барчасига ойдинлик киритади. Кореяда +7, бизда эса +1. Демак, биз уларни ортда қолдиришимиз учун, мана шу икки ўйиндаги ғолиблар ва мағлублар ўртасидаги фарқ камида еттита бўлиши керак. Яъни, Эрон 1 тўп фарқи билан ютса, биз 6 та тўп фарқи билан ғалаба қозонишимиз керак. Эрон 2 тўп фарқи билан ютса, бизга 5:0 ҳам етаверади. Эрон 3-0 ютадиган бўлса, биз Қатарга тўртта урамиз ва ҳоказо. 

Бошқа вариант йўқ. Демак, ЖЧ га тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритишимиз учун Қатарни енгишимиз шарт. Фақат бир вариантда, яъни Корея ютадиган вариантда минимал ҳисоб қониқтиради. Бошқа вариантларда ё 4-0 ёки 6-0 каби ҳисоблардаги ғалабаларга мухтож бўламиз. Эътибор берган бўлсангиз, 6:0 ҳисоби бизни ҳар қанақасига мундиалга тўғридан тўғри олиб чиқади. Ҳатто 7:1 ҳам. 

Айтганча, учинчи ўринни олиб Европа Лигасида, йўғ-е, плей-оффда қатнашишимиз ҳам мумкин. Биринчи плей-оффда рақибимиз Австралия, Уммон ва Иорданиядан бири бўлади. Менимча, Австралия иккинчи ўринни олса керак, демак, учинчи ўрин учун баҳс у ерда Иордания ва Уммон ўртасида кечади. Иордания ўз майдонида Уммонни енга олса, Иордания билан, акс ҳолда, Уммон билан учрашамиз. Улардан ўтсак, Венесуэла, Уругвай, Чили, Перу каби жамоалардан бири билан ўйнаймиз. Зўр, бўларди-а, Асқар ака, кузда ким билан ўйнаймизакан, деб мухлислар сарсон бўлмайди, Аргентинани яна бемалол “отказ” қилишга бахона бор, улар ҳам энди хафа бўлмаса керак. “Зато” Тошкентда “манаман” деган иккита учрашув, роса бўлади-да, ўзиям.

Биз эса, Қатар билан ўйинда Миржалол Қосимов шогирдларига омад тилаймиз. Жанубий Кореядан ҳам ғалаба кутиб қоламиз ва ҳаммаси биз анчадан бери истаб юрганидек якун топади. Худо хоҳласа.


Қаҳрамон Асланов 

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 01:27, 12.06.2013.
Ўқилди: 16147 марта.
Фикрлар: 146 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.