Жанубий Кореядан учралган аламли мағлубият бугунги кун футбол мухлисларнинг муҳокама қилаётган бош кун мавзусига айланди.
Кўпчилик кечаги ўйинда бош айбдор сифатида Акмал Шораҳмедовни кўрсатяпти. Аммо аслида-чи? Тўғриси “Спорт” каналида ташкил этилган студияда меҳмон бўлган собиқ футболчилар Мухтор Қурбонов ва Бахтиёр Қамбаралиев ўша вазиятга реал баҳо бера олишди. Акмалнинг нигоҳини унинг олдидаги ҳимоячи тўсиб қолган эди. Бу — Ислом Тўхтахўжаев. У баланд сакраб, тўпни қайтармоқчи бўлди. Аммо... бу ёғини ўзингиз биласиз.
Аслида ўйинда дуранг қайд этилганида энг адолатли ҳисоб бўларди. Лекин футболда ғалаба ва мағлубият, омад ва омадсизлик ёнма-ён юради.
Бу мағлубиятда фожеа ясаб футболчиларнинг кайфиятига тушкунлик олиб киришнинг кераги йўқ. Айниқса, Акмал Шораҳмедовга!
Акмални мен “Андижон”да тўп сурган пайтидан бери биламан. Шуни ишонч билан айта олманки, у миллий терма жамоа учун керак бўлса жонидан кечишга тайёр футболчи. У терма жамоамиз учун борини бериб ҳаракат қиляпти. Унинг бу саралашдаги илк ўйини Тошкентда айнан Жанубий Кореага қарши бахсда бўлган эди. Ўша ўйинда хам ўзининг ажойиб ўйини билан Кореанинг тезкор ҳужумларини бартараф этган. Қатарга қарши бўлган иссиқ ҳаводаги ўйинда айнан унинг қанотдан етказиб берган тўпини Санжар Турсунов голга айлантирган. Эронга қарши бўлган ўйинда эса сўнги сонияларда Нестеровнинг қўпол хатосидан сўнг рақиб ҳужумчисининг йўллаган зарбасига қалқон бўлиб дарвозамиз дахлсизлигини сақлаган хам айнан Акмал бўлади. Шундай экан, бу футболчини паст савияли футболчи дея айблов қўйиш ноўрин бўлади. Бу футболчидан кейинги ўйинда ўзининг хатосини чиройли тарзда “ювган” ҳолда, Қатарни тор-мор қилишда муносиб ҳисса қўшишини тилаб қолайлик.
Умуман олганда, ҳар бир футболчимиз сиз ва биздан кўра ўн чандон Жаҳон чемпионатида иштирок этишни исташмоқда. Уларга ишонайлик, қўллаб-қувватлайлик. Сўнги ҳал қилувчи баҳсда улар билан ёнма-ён турайлик.
Бегали Азимов