Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Бобур Акмалов: "Оқни оқ, қорани қора дея оладиган инсонларга сўз беришимиз керак!"

Баҳо:
+6 | -

1) ЖЧ-2014 саралашида терма жамоамиз иштирокидан кўнглингиз тўлдими?

Аввало саволнинг жинничалигини айтиб ўтаман. Қанақасига кўнглим тўлиши мумкин, агар вазифа бажарилмаган бўлса?! Ия, ҳа, орангизда "тўхтаб тур, шошма, ҳали олдинда плей-офф ўйинлари бор, имкониятимиз ҳали бор", дейдиганлар топилар? Шунақа, топилади ҳам! Ўшалар кимлигини бармоғимни бигиз қилиб кўрсатмасам ҳам биласиз.

Хуллас, Уругвайга тушсак ҳам, Перуми, Эквадорми... сиз ишонасизми улардан ўта олишимизга? Ватанпарварман, терма жамоани яхши кўраман, унга доим ишонаман, деб, энсамни қотириб ёқа йиртманг, илтимос. Кўрдик, матбуот анжуманларида расво ўйинлардан кейин ҳам "Миржалол Қўшоқович, аввало ўйин учун раҳмат", деб ялтоқланганингизни. Кўрдик, жаноб коучни кимдир танқид қилса қўлингизда бўлган ва бўлмаган воситалар билан ҳимоя қилиб, танқид қилувчини ғажиб ташлаганингизни. Сиздек ўз манфаатини, бош мураббий билан шахсий муносабатини Ватан жамоасидан устун қўювчи иккиюзламачилар Ватан ҳақида оғиз очиш уёқда турсин, стадионга киришга маънавий ҳаққи йўқ! Лекин афсуски, сиздекларда виждон, тўғрилик тушунчалари бошқачароқ ўлчамда. Афсус.

Саволдан четлаб кетдим-а? Айбга буюрмайсиз, нима қилай, ахир "Чўчқа босиб кетди менинг боғимни..."

2) Тўғридан-тўғри йўлланманинг қўлга киритилишига нима ҳалақит берди?

Жуда кўп нарса. Сабаблар кўп. Шораҳмедовнинг автоголи, Эронга урилган тоза голнинг ҳисобга олинмагани... Булар — айсбергнинг учи. Сув остида нима бор, ўша сирли жойни кўра оляпмизми? Сўқир кўзларни каттароқ очмасак, боғланган тилларни ечмасак, балиқмисол яшашдан зерикмасак бизнинг устимиздан кулишлар тўхтамайди. Мен Яратганга ҳам, қазои қадарга ҳам, оқибату тақдирга ҳам ишонаман. Ноҳақлик, нохолислик, товламачилик, бедодлик бор жойда адолатга ўрин йўқлигига ҳам ишонаман. Минглаб инсонларнинг қарғишига қолиб чипта сотганлар ҳам, бунинг тепасида турганлар ҳам, футболчиларга ёқмаса ҳам мураббийлик қилаверганлар ҳам, ТВ ва радиога чиқволиб муаммоларни очиқ айтиш ўрнига "Қосимов маладес, у зўр, болларга жичча етмай қолди, аммо раҳмат ҳаммасига", деб халқнинг кўзини бўяётганлар ҳам Мундиалга лойиқ эмаслар!

Аммо далада қуёш тиғида кетмон ураётган ва ўйин бошлангунча ишини тугатиш илинжида ҳовлиққан деҳқон, подани яйловга ҳайдаб, улгурмасам ақалли эшитарман, деб қўлига приёмник олволган чўпон, тузукроқ савдоси кечки салқинда бўлишини билса ҳам бозордаги дўконига эртароқ қулф солиб уйига ошиққан тужжор, бошлиғидан жавоб сўраб, боласини боғчадан вақтлироқ олишга югурган ходим... булар лойиқ эмасмиди Мундиалга?

Афсуски, ўрмонга ўт кетса олов дарахтларни танлаб ёндирмайди. Бир қатлам касрига бутун халқ қолиши адолатсиздек, аммо айни олий адолат шу! Чунки 15 минг сўмлик чиптани 200 минг сўмга олиб индамай юрган, дарди ичида бўлса ҳам айтишга қўрққан, матбуот анжуманларида танқидий руҳда дадил савол беришга андиша қилган сен, мен, у — биз айбдор!

3) Энди нима қилиш керак?

Мураббийни алмаштириш керак!!!

Мен бир нарсага ҳайронман, нега саралашнинг аввалги циклида кўзлари ёниб турган йигитлар бундайин мазмунсиз ва лаёқатсиз бўлиб, ғариб ўйин намойиш қила бошлашди? Ўзларидан ўзларими? Ё уларга кимдир атайин шундай кўрсатма берганми? Вей, палов тайёрлаганмисиз? 10 та бир хил қозон, ҳаммасининг олдига бир хил масаллиқ қўйинг ва 10 хил одамга тайёрлатинг. 10 хил палов пишадими? Пиширишни билмайдиган одамнинг палови ё ланж ё тирик бўлиб қоладими? Оддий ҳақиқат-ку бу! Палов ланжлиги учун гуручни ё сабзини айбдор қилолмайсиз-ку! Йўқ, бизда ҳатто тузни ва сувни айбдор қила оладиган "журналистлар" бор. Улар ҳаммаёқда - ТВ, радио, босма ва электрон матбуотда.

Энди нима қилиш керак, дейсизми? Оқни оқ, қорани қора дея оладиган инсонларга сўз беришимиз керак. Мана шундай журналистларни тарбиялаш керак. Қизилни кўк, сариқни жигарранг, деб кўз бўяйдиганларни журналистикага яқинлаштирмаслик керак.  Эҳ, қанийди! Улар кимнидир тарафини олиб, унга ялтоқланиб, ўша одамнинг ўзини хунук аҳволда қолдиришаётгани кундек равшан-ку?! Аммо, афсуски, уларнинг ҳимоясидаги арзанда бу ҳақиқатни кўрмайди.

Терма жамоалар маркази, номли ғалати ташкилотни биламиз. Ростанам ғалати. Жуда ғалати. Унинг ғалатилигини ёзиш шартмас. Ҳамма билади аллақачон. Шу ташкилотни ҳам тозалавориш керакмикан, а? Тағин ўзлари билишади. Ахир олдинда кўп эҳтимол билан, кимсан, Кавани, Форлан, Суарез, Годин, Муслера каби топ-юлдузлардан иборат жамоа билан учрашув кутмоқда бизни. Ҳар куни келиб юришибдими Тошкентга? Яна 34 минг чипта, яна 34 минг футболни севадиган, аммо содда ва гўл томошабин бор, уларнинг пулини шилишнинг яна бир имконияти. Қандингни ур, Мирзақанд! (с)

P.S. Мадҳияни бор овозда куйлаган, Ўзбекистоним, дея кўкрагига уриб томоқ йиртган эмас, миллат жамоаси мағлубиятидан азият чеккан, аммо эртасига кайфияти бўлмаса ҳам шу Она заминида халқи учун етиштирган лорсиллаб пишган помидорини бозорга олиб келиб эшик тагидан арзон-гаровга сотиб кетган оддийгина деҳқон ВАТАНПАРВАРдир!!!

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 15:14, 20.06.2013.
Ўқилди: 10249 марта.
Фикрлар: 80 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.