1) ЖЧ-2014 саралашида терма жамоамиз иштирокидан кўнглингиз тўлдими?
2) Тўғридан-тўғри йўлланманинг қўлга киритилишига нима халақит берди?
Биринчи саволга аниқ жавоб бера олмайман. Энг алам қиладиган жойи ҳам шунда. Иштирокимизда на кўнгил тўлганини, на тўлмаганини ҳеч ким баралла айта олмайди. Абрамовга раҳмат, 3 босқичда 16 очко тўплаб берди, Қосимовга раҳмат якуний босқичда 14 очко тўпладик, +5 тўплар нисбати қайд этдик. Абрамов Тожикистон билан ўйинда 5та "сариқ"ни уюштирмаганида, Эронни Тошкентда ютган бўлармидик, кетидан Ливандан ҳам 3 очко қайтган бўлармидик... Қосимов жамоаси Қатар дарвозасига биринчи бўлимда 2-3та гол уриб олганида, биз 6та тўп фарқи билан ютган бўлармидик...
Ҳа, Қосимов пайтида ўта эҳтиёткор ўйин намойиш қилинди, ўйиннинг чиройи йўқолди, бор эътибор натижага қаратилди, ҳимояни кўпроқ ўйладик. Бир томондан ана шу ҳимоявий футбол туфайли бизга 2та тўп етмай қолди. Иккинчи томондан, кучли рақиблар билан ўйинларда Абрамов тактикаси орқали 14 очкони қўлга киритмаган бўлармидик ёки йўқми, буни ҳеч ким билмайди.
Кўряпсизми, қанчадан-қанча саволлар юзага келди, юракда алам ўз чандиғини қолдирди. Демак, қониқиш ҳосил қилмадим.
3) Энди нима қилиш керак, ўйлайсиз?
Барча-барчамиз тўғридан-тўғри йўлланмани кўзладик ва бор кучимизни, ҳиссиётимизни мана шу мақсад йўлида сарфлаб бўлдик. Қатар билан ўйиндан кейин бизда куч ҳам, иштиёқ ҳам, ҳиссиёт ҳам қолмади. Тўртинчи саралаш босқичи давомида ҳар бир ўйинни катта ҳаяжон ва иштиёқ билан кутганмиз рост-ку, тўғрими? Ҳозир 6 сентябрь санасини ким кутяпти? Ҳеч ким — на футболчилар, на мухлислар!
Бу жуда ёмон. Бу аҳволда Иорданиядан ҳам ўта олмаймиз. Истасак-истамасак, қолган 4та ўйин учун бор кучни яна тўплай олишимиз (ҳам жисмоний, ҳам эмоционал жиҳатдан) жуда катта аҳамиятга эга. Бизда ЖЧга чиқиш энг сўнгги имконият бор экан, ҳозирги кунда барча эътиборимизни мана шу 4та ўйинга қаратишимиз керак. Бунинг учун кардинал ўзгаришларга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Айрим нарсаларни ўзгартирсак кифоя.
Миржалол Қосимов терма жамоа бош мураббийлигида қолиши мақсадга мувофиқ эмас. Боиси, тушкун кайфиятдаги мураббий тушкун кайфиятдаги футболчиларни янги ўйинлар учун "уйғота" олмайди, ўйинчиларни янги жанг учун шайлашига ишонмайман. Биринчидан, ўйинчилар сўнгги бир йил давомида битта мураббий билан бирга ишлаб, қайсидир маънода зерикишди. "Бунёдкор" футболчилари учун эса терма жамоа келишганида ҳам янгилик йўқ. Иккинчидан, Қосимов — "авторитет". Терма жамоада унинг ўзи фақат бошлиқ бўлишни истайди. Бу эса терма жамоамизнинг айрим "юлдуз"лари учун ёқавермаслиги мумкин. Ишончим комил, ЖЧга тўғридан-тўғри чиқа олмаганимиз боис, Қосимовнинг ғурури ларзага келган. Қолган ўйинларда терма жамоани янада қаттиқроқ тайёрлашга ҳаракат қилиши аниқ. Лекин қанчалик уддалайди, буниси қоронғу.
Абрамов эса психолог эди. Жепаров ва Аҳмедовнинг ўзаро чегарани унутишида унинг ҳиссаси катта, Шацкихни ўйната олди, Гейнрихдан унумли фойдалана олди. Терма жамоанинг йиғини давомида турли ҳазиллар, ҳар бир футболчининг характеридан келиб чиқиб қилинадиган ёндошувлар — шубҳасиз, Абрамовнинг устун жиҳатларидан бири эди. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди.
Юқорида, Вадим Абрамовнинг ўзи ишлашда давом этганида терма жамоа 14 очко тўплармиди ёки йўқми, буни аниқ айта олмаслигим ҳақида тўхталдим. Бундан кейин термага янги мураббий келса ҳам, плей-оффда зўр қатнашиб, ЖЧга чиқишимизга ҳеч ким кафолат бера олмайди. Лекин битта нарсани ҳозирдан тахмин қилиш мумкин. Мабодо Абрамов яна терма жамоа бошқарувига келса, футболчилардаги руҳий чарчоқ ва тушкунликни чиқариб юбора олади ва уларни ўйинларга янгидан "настрой" қила олади. Мен бунга ишонаман.
Ҳозиргина кунда хорижлик мураббийнинг олиб келишдан маъно йўқ. Боиси, вақт жуда оз. Чет эллик мураббий вазиятни ўрганиб, Ўзбекистонга мослашгунча кўп вақт йўқотиб қўямиз. Абрамовнинг ўйин услубига эса футболчилар қайтадан яна тезда мослаша оладилар.
Саралаш босқичи якунига етганидан кейин эса (натижадан қатъий назар) терма жамоанинг бош мураббийи масаласини жиддий кўриб чиқиш мумкин бўлади, жумладан, терма жамоалар маркази раҳбари масаласини ҳам. Ҳозирги кундаги бош мақсадимиз эса қолган 4та ўйин учун максимал ҳаракат қилиб, мундиал йўлланмаси учун энг сўнгги имконият учун курашишдан иборат. Бунинг учун эса, яна такрорлайман, футболчиларни ҳам руҳий, ҳам жисмоний, ҳам тактик жиҳатдан янада юқори даражага олиб чиқа оладиган мураббий керак! Тоза қонсиз, тоза ҳавосиз чарчаган ва руҳан эзилган ўйинчиларни учрашувларга тайёрлаб бўлмайди.
Ҳар бир журналист ўз нуқтаи назари, ўзининг футболга нисбатан ёндошувидан келиб чиқиб фикрлайди. Лекин футболчилар эса қайси мураббий қўлостида яхшироқ ўйнай олишини яхши билади. Балки, мураббий масаласида футболчилар қалбига ҳам қулоқ тутиб кўриш керакдир а?