Қисқа муддатли танаффусдан кейин чемпионат баҳслари давом эттирилди. Пешқадамлар сафида бораётган "Локомотив" Сирдарё вилоятидан йирик билан қайтадиган бўлди. Терма жамоа таркибида Қатарга қарши учрашувда ўйини қовушмаган Фарҳод Тожиев "покер"га эришиши билан биргаликда, битта пенальтини голга айлантира олмади.
Ўйининг 18-дақиқасида мезбонлар ҳимоячиси Бобур Акбаров чемпионат тўпурари Ф.Тожиевни чалиб йиқитди. Ҳакам иккиланмасдан "Гулистон" дарвозаси томон пенальти белгиланди. Аммо Фарҳод Тожиевнинг 11 метрли нуқтадан йўллаган зарбасини Илҳом Жуманов бартараф этишга муваффақ бўлди. Орадан 13 дақиқа ўтиб, Фарҳод хатосини тўғрилади ва ҳисобни очишга муваффақ бўлди.
36-дақиқасига келиб, энди Ислом Иномов жарима майдончаси ичида гулистонлик ҳужумчи Алишер Шоғуломовни чалиб йиқитди. Ҳакам Олимжон Толибжонов бу сафар темирйўлчилар дарвозаси томон пенальти белгилади. Жабрланувчининг ўзи Бугалони доғда қолдириб, ҳисобни тенглаштирди.
Шундан кейин ташаббус яна Ҳаким Фузайлов шогирдлари томонига ўтди. Бўлим сўнгида Фарҳод Тожиев икки марта дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, уни доғда қолдира олмади.
Иккинчи бўлимда эса Фарҳод Тожиев жамоадошлари томонидан яратилган вазиятларнинг 3тасидан аниқ фойдаланган бўлса, унинг акаси Зайниддин ҳам "Гулистон" дарвозасини бир марта аниқ нишонга олди. Якуний ҳисоб — 1:5. Кичик Тожиевнинг чемпионатдаги голлари сони 16тага етди.
ОЛИЙ ЛИГА-2013. 11-ТУР
"ГУЛИСТОН" - "ЛОКОМОТИВ" - 1:5
Голлар: Фарҳод Тожиев (31, 49, 76, 79), Зайниддин Тожиев (54)
Ноаниқ пенальти: Фарҳод Тожиев (18)
Ҳакамлар: О. Толибжонов (Тошкент), О. Дачев (Тошкент), Х. Мирзааҳмедов (Тошкент вилояти), В. Наджафалиев (Тошкент).
"Гулистон": Илҳом Жуманов, Иброҳим Раҳимов, Акбар Саттаев, Хуршид Йўлдошев, Зафар Қорақулов, Собир Усмонхўжаев, Алишер Шоғуломов, Бобур Акбаров, Элёр Жаҳонов, Сарвар Жўраев, Илёс Хайров.
"Локомотив": Павел Бугало, Садриддин Абдуллаев, Акмал Холматов, Фарҳод Тожиев, Жасур Ҳасанов, Салим Мустафоев, Ислом Иномов, Ислом Тўхтахўжаев, Иван Нагаев, Виктор Карпенко, Дилшод Жабборов.