«Насаф» — «Динамо» учрашуви ниҳоясига етгач, «Марказий» стадион анжуманлар залида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжумани дастлабки қисмида меҳмон жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб берди.
— Ушбу учрашувга орадаги вужудга келган танаффусдан фойдаланиб, ҳар қачонгидан пухта тайёргарлик кўрган эдик. Биз учрашувда асосан ҳимояда ўйнаб, қарши ҳужум тактикасида ўйнашни режалаштирган эдик. Бу менимча унчалик ўхшамади. Таркибимизда етарли муаммолар бор, биринчи бўлимда ўртадаги ҳисобни тенглаштиришга эришдик, аммо сўнгги дақиқаларда яна гол ўтказиб юбордик. Тўғри, гол уришга имкониятлар кўп бўлди, лекин буни ижобий ҳал эта олмадик. Иккинчи бўлимда ҳужумга ҳам эътибор бердик, учрашувда дуранг ҳам қайд этишимиз мумкин эди. Лекин буни уддалай олмадик, — дейди Равшан Ҳайдаров.
— «Динамо»ни жуда қийин аҳволда қабул қилиб олдингиз, клуб раҳбарияти томонидан жамоага қандай вазифа юклатилган?
— Биз ҳозирча ички имкониятлардан фойдаланишга мажбурмиз, асосан ёшларга эътибор бераяпмиз, кўплаб очколарни қўлдан чиқарганмиз, асосий вазифа энди олий лигада қолиш бўлади.
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида «Насаф» жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев учрашув ҳақидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Рўзиқул Бердиев:
— Ўйин ҳақида нима дейишим мумкин, биз ғалаба қозондик, аммо энг ёмон ўйинларимиздан бирини ўтказдик. Ўз имконимиздан паст даражада ўйнадик. «Динамо» бизга қарши жуда яхши ўйин кўрсатди. Статистикага эътибор берсаларингиз, 2010-2011 йиллар давомида «Динамо» бизни мағлуб этишга эришган эди. Қўшниларимиз биз билан доимо жиддий ўйин олиб боришади, бугун ҳам шундай бўлди, — дейди бош мураббий.
— «Динамо» икки марта стандартдан гол киритди, ҳимоячилар бу ўринда сизнингча суст ўйнашмадими?
— Тўғри, сизнинг фикрингизга қўшиламан, бу ўринда фақат ҳимоячиларимизни айбламоқчи эмасман, буни албатта биз яхшилаб ўрганиб чиқамиз ва керакли хулосани чиқариб оламиз.
— Бугунги учрашувда марказий ярим ҳимояда ҳаракат қилган моҳир ўйинчиларимиз тўп учун курашда кўп марта рақибга ютқазиб қўйишди, гўёки улар рақибни назарга илмасдан ҳаракат қилишгандек бўлди. Бунга қандай изоҳ берасиз?
— Мен бу орқали ўйинчиларни айбламоқчи эмасман, аммо рақибни назарга илмаслик ёмон оқибатларга олиб келганини кўп кўрганмиз, мен айнан шундай бўлди демоқчи эмасман. Бугун уларда ғалабага бўлган катта иштиёқ орқали ҳаяжонланиш ҳам бўлди.
Улуғбек Яҳёев ёзиб олди.