“Бунёдкор” ва “Металлург” жамоалари ўртасидаги ўйин соат 18:00га белгиланган бўлса-да, жамоалар ўйинни соат 18:15да бошлашга қарор қилишди. Бунга ҳавонинг анчагина иссиқлиги сабаб бўлди, назаримизда.
Ўйин тақдирини ҳал қилишда икки қанот ярим ҳимоячиларининг ўрни катта бўлди. Дарвоқе, Қосимов бугун чап қанотда Жасур Ҳасановни, ўнг қанотда эса Олег Зотеевни ўйнатгани эътиборга молик. Учрашувнинг 5-дақиқасида Ҳасанов ўз қанотидан кўтариб берган тўпни Зотеев бош билан дарвозага йўллади. Биринчи бўлим тугашига 5 дақиқа қолганида эса Лутфулла Тўраев тезкор ҳужумни бошлаган ҳолда, ўнг қанотдан Зотеевни олдинга бошлади. Олег жарима майдончасига ёриб кириб, тўпни Жасурга узатди. Ҳасанов кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди. 2:0.
Ўйин тугашига 3 дақиқа қолганида Александр Пишур бош билан дарвозани ишғол қилди. Бу сафар Олег Зотеев чап қанотдан тўпни унинг бошига “қўндира” олди.
Умуман олганда, ўйин суръати анча паст бўлди. Бекободликлар тўп билан назоратни уддалашдию, аммо рақиб дарвозасига йўл топа олишмади. Битта вазиятда Нестеров тўпни дарвоза чизиғи устида қайтариб қолгани билан ёдда қолди.
ОЛИЙ ЛИГА-2013. 11-ТУР
“БУНЁДКОР” - "МЕТАЛЛУРГ" – 3:0 (2:0)
Голлар: Олег Зотеев (5), Жасур Ҳасанов (40), Александр Пишур (87)
Огоҳлантиришлар: Дилшод Жўраев (72) — Александр Ковалев (45)
"Бунёдкор": 1. Игнатий Нестеров, 5. Дилшод Жўраев, 6. Анвар Ғофуров, 8. Жавлон Иброҳимов, 9. Игорь Таран (Баҳодир Пардаев 70), 11. Александр Пишур, 13. Лутфулла Тўраев (Фозил Мусаев 46), 16. Артем Филипосян, 19. Жасур Ҳасанов (Марко Блажич 60), 23. Саҳоб Жўраев, 33. Олег Зотеев
“Металлург”: 32. Суҳробжон Султонов, 3. Саидкомил Акбаров, 4. Ҳикмат Ҳошимов, 6. Дилмурод Каримов (Сунатилла Мамадалиев 69), 7. Дониёр Одилов (Умидбек Тожимов 52), 9. Шаҳзодбек Нурматов, 13. Александр Ковалев, 14. Давронбек Каримқулов, 19. Руслан Вагапов, 20. Мирғиёс Сулаймонов, 21. Сардор Расулов (Миртўра Акбаров 62)