"Насаф"-"Нефтчи" учрашуви якунига етгач, ҳар икки жамоа мураббийлари ўйин ҳақида фикрлари билан ўртоқлашишди. Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этди.
Рўзиқул Бердиев:
— Бугунги ғалаба учун футболчилардан миннатдорман! Кеча фарғоналиклар иккинчи таркиб билан келишини эшитиб, курашсиз таслим бўлишганини англадим. Таркибга ўйин амалиётисиз қолаётган футболчиларни жалб этдик. Футболчиларимиз бугун чиройли ўйин намойиш этишди.
— Бугун ноодатий тарзда "Насаф" бир ҳужумчи билан ўйнади?
— Гарчи қайдномада битта ҳужумчи кўрсатилган бўлсада, айрим футболчиларга қўйилган талабни бироз ўзгартириб уч ҳужумчи билан ўйнаса бўлади. Бугун Геворкян ҳамда Гадоев учрашувнинг кўп қисмини ҳужумда ўйнаб ўтказишди. Ҳатто Неъматов ҳам ҳужумга қўшилиб турди.
— Ёш мураббий бўлишингизга қарамай ўтган йилда ҳам, ушбу мавсумда ҳам яхши натижаларга эришмоқдасиз! Айтингчи, ушбу муваффақиятларингиз сири нимада?
— Авваламбор, жамоавий муҳитга кўп нарса боғлиқ. Бугунги жамоамиз ички муҳити ҳавас қилса арзигулик. Мен бундан хурсандман. Яна бир томони — мен ёшларга ишонч билдиришдан тўхтамайман. Ёшлар уларга ишонаётганингни ҳис қилиши керак.
Анжуман якунида Рўзиқул Бердиев 27 июнь — Оммавий ахборот ходимлари куни билан барча журналистларни табриклади ва илиқ фикр, ёқимли тилаклар билдирди!