Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Лобановский Қосимов ҳақида нима деган?

Баҳо:
+-3 | -

Мана, турли объектив ва субъектив сабаблар туфайли миллий терма жамоамиз Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти йўқотиб, яна плей-оффга мубтало бўлди. Биз учун драматик кунга айланган 18 июндан бери марҳум ва машҳур мураббий Валерий Лобановскийнинг баъзи сўзлари хаёлимни эгаллаган. Мутахассислар томонидан 1-рақамли мураббий деб эътироф этиладиган Лобановский футболчиликдан дарров мураббийликка кириб келадиган шахслар хусусида қуйидагиларни айтган:

“Бу масалада гапириш жуда ҳам қийин. Масалан, Голландияда бунга мутлақо бошқача кўз билан қарайдилар. Мана, Ван Бастенни Голландия терма жамоаси бошқарувига тайёрламоқдалар. Аммо бунинг учун жуда ҳам кўп ўқиш керак, керакли курсларни битирмай туриб, мураббийлик фаолияти билан шуғулланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ахир бу иш билан шуғулланиш учун ҳеч бўлмаганда бироз инсон физиологиясини билиш керак, бирозгина психологиядан хабардор бўлиш керак, бирозгина машғулотлар жараёнини олиб бориш учун методика қоидалари билан таниш бўлиш лозим ва ҳоказо... Мураббий буларнинг ҳаммасини билиши керак, ўз бошидан ўтказиши шарт. Бу фикримнинг исботи кўп. Мана, масалан Гуллит. У “Ньюкасл” билан ажойиб тарзда ишлади, маълум натижаларга ҳам эриша олди, аммо билим доирасининг торлиги учун яна ҳам юқорироққа кўтарила олмади. У кетди. Ҳозир қаердалигини ҳеч ким билмайди. Нима учун Гуллит ишлашда давом этмаяпти?

Ёки бўлмаса, ўтмишда машҳур футболчи бўлган яна бир мураббий Виалли ҳақида гаплашайлик. У мураббийлик қилган даврда “Челси” юқори натижаларга эришган эди. Бироқ Виалли кетиши билан жамоа ҳам пароканда бўлиб кетди. Нима учун? Чунки жамоа ўз вақтида аста-секинлик билан пастга қараб кетаётган эди. Ҳозир янги одам жамоа бошқарувига келган, эндиликда уни яна кўтариш учун вақт керак бўлади. Виалли бўлса қаерда қолди? Виалли йўқ.

Беккенбауэр жаҳон чемпионатини ютиб олганидан сўнг “Марсел”га мураббийлик қилиш учун кетганди. Машҳур футболчи у ерда бор-йўғи уч ой ишлади холос. Нима учун? Чунки бир вақтлар кучли футболчи бўлганига қарамасдан, унинг мураббий сифатида билганлари ҳаттоки энг кучли клуб билан ҳам бирон нарсага эришишига ёрдам бера олмади.

Керакли билимга эришмай туриб, илмий ютуқлардан фойдаланмай туриб, жараённи қайси йўналишда ривожлантиришга ақли етмай туриб, профессионал клубда қандай ишлаш мумкин? Мумкин эмас. Ахир, биронта ҳам НХЛнинг мураббийи ёки НБАнинг мураббийи бу тахлит ишламайди-ку! Қандай қилиб кечагина ўйинчи бўлиб юрган инсон бугун мураббийга айланиши мумкин? Йўқ, бунақанги таваккалчиликка йўл қўйиб бўлмайди.

Чунки мураббий бўлиб ишлаш учун кўп нарсаларни билишга тўғри келади. Фақатгина тактикани билган билан иш битмайди, ҳеч бўлмаса, тактикадан ташқари инсоннинг физиологик имкониятларидан хабардор бўлиш керак, ўйинчининг вужуди қандай зўриқишларни кўтара олиши ҳақида мураббийнинг тушунчаси бўлиши шарт”.

Бу - Валерий Лобановскийнинг сўзлари эди. Футбол профессорининг айтганлари Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳақида эмасми?

Агар бугун 1-рақамли мураббий тирик бўлиб, Ўзбекистон термаси Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятидан қуруқ қолганига гувоҳ бўлса, юқоридаги келтирилган мисоллар сафига Миржалол Қосимовни ҳам қўшган бўларди, чунки унинг мураббийлиги остида ўтадиган ўйинларда на бир мазмун бор, на бир натижа. Қосимовда атиги битта тактика бор - қанот, қанот ва яна қанот. Бундан ташқари, Қосимов негадир ёши катта ва суст ҳаракат қилувчи ўйинчилардан воз кеча олмайди ёки ўта қийин воз кечади.

Хуллас, Миржалол Қосимов футболчиликда қанчалик зўр бўлмасин, мураббийликда унчалик зўр эмаслиги билинди. Буни Ўзбекистон-Қатар ўйини ва ЖЧ саралаши сўнггида оғзидаги “ош”ни (тўғридан-тўғри йўлланмани) олдириб қўйгани яққол намоён этиб берди. Эндиликда Қосимов футболчилик даврида мисқоллаб тўплаган обрўсини йўқотишни истамаса, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлигидан ўз ихтиёри бўйича истеъфога чиқиши керак, деб ҳисоблайман. Лекин ўзбек “Марадонаси” халигача мана шу ҳақиқатни англаб етмаган кўринади.

Менимча, телевизорга чиқиб олиб, катта ва жарангдор сўзларни гапирадиган футбол профессорларимиз қанчалик сайрамасин, Ўзбекистон термасини ЖЧга олиб чиқадиган мураббий республикамизда йўқ. Шу сабабдан, қолган икки ой давомида хориждан малакали мураббий олиб келишимиз керак, деб ўйлайман. Энг муҳими шундаки, хорижлик мураббийни ҳеч бир клубга боғламасдан, фақат терма жамоада ишлатиш керак. Ана ўшанда янги мураббий номзодларни фақат Тошкентдаги ўйинлардан қидиравермасдан, вилоятлардаги ўйинлардан ҳам излашга имкон топади.

Терма жамоалар маркази эса ўзини нуқул билет савдосига уравермасдан, терма жамоага ўртоқлик учрашувлар ҳам ташкил қилиб бериши керак.

Элёрбек НИМОНИДИНОВ
e_liverpool никли мухлис
Андижон вилояти

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 14:14, 26.06.2013.
Ўқилди: 15863 марта.
Фикрлар: 163 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.