Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Илҳом Қурбонов: «Тўғри, ҳозир пешқадаммиз, лекин бу – вазифа бажарилди дегани эмас»

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсмуни биринчи лигада ўтказаётган Муборакнинг “Машъал” клуби олий лига сари дадил одимлашда давом этмоқда.

“Газчилар” биринчи лигада йўқотишларсиз кетаётгани учун ҳам олий лигага чиқиш учун биринчи рақамли даъвогар бўлиб туришибди. Жамоанинг ўзи тўп сураётган ҳар бир мусобақада муваффақиятли иштироки учун раҳбарият ҳам борини аямаяпти. Яқинда клуб бош директори Илҳом Қурбоновни суҳбатга чорлаб, жамоанинг бу йилги иштироки хусусида фикр юритдик.

- “Машъал” биринчи лигани ажойиб тарзда ўтказмоқда. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
- Йигитларимизда олий лигага қайтиш хоҳиши жуда кучли. Биласиз, бизда иқтидорли ёшлар кўп. Терма жамоа билан жаҳон чемпионатига кета олмаган ўйинчиларимиз ҳам ўзларини қандай футболчи эканлигини исботлаб беришмоқчи. Албатта, раҳбарият ҳам клуб олдига олий лигага қайтиш вазифасини қўйган. Кузатаётган бўлсангиз, асосан ўзимизнинг тарбияланувчиларимиз эвазига биринчиликда қатнашиб келяпмиз. Йил бошида Қашқадарё футболи тарбияланувчилари Баҳодир Муртазоев билан Зоҳир Қўзибоевни жалб қилдик. Шунингдек, Қўқон футболида таҳсил олган Рустам Аъзамовни ҳам таклиф этдик. Қолганлар эса ўзимизнинг тарбияланувчилар ҳисобланади.

- Маълумки, «Машъал»нинг асосий вазифаларидан бири терма жамоаларга кадрларни етказиб беришдан иборат. Аммо негадир клуб футболчилари ёшлар терма жамоасидан тушиб қолишди.
- Ҳар бир бош мураббийнинг футболга ўз қараши бор. Фикримни айтадиган бўлсам, балки Искандар Шойқулов ҳали терма жамоа учун тайёр эмасдир. Лекин Жаҳонгир Абдумўминов билан Ихтиёр Тошпўлатов ёрдам беришга қодир эди. Мураббийларнинг ишига аралашиш нотўғри. Мураббий техник-тактикасига қараб ўйинчи қидиради. Аммо бизнинг йигитлар жисмоний томондан тўла тайёр эди.

- Биринчи лигадаги бошқа жамоалар “Машъал”га нисбатан анча кучсиз деган фикрга қўшиласизми?
- Кучсиз бўлганида «Сурхон» билан ўйинда қийналмаган бўлардик. Қолаверса, «Зарафшон» билан учрашув ҳам ниҳоятда оғир бўлди. Навоийликлар шахсан менда илиқ таассурот қолдирди. Биласиз, биз ёшларга катта эътибор қаратяпмиз. Табиийки, бошқа жамоаларда ҳам ана шундай ёшлар кўп. Бизга қарши учрашувларда ёшлар ўзларини максимум даражада кўрсатиб, мураббийларнинг эътиборига тушишга ва «Машъал»да ўйнашга ҳаракат қилишяпти. Мен биринчи лигадаги бошқа клубларни кучсиз деб айта олмайман. Бизнинг футболчилар олий лигани, халқаро ўйинларни кўргани учун ҳам балки хотиржам равишда ўйнаб ғалаба қозонишаётгандир. Инкор этмайман, бир-иккита кучсиз клуб бор. Лекин бу ерда аксарияти яхши жамоалар тўпланган. Масалан, Усмон Тошев бошчилик қилаётган «Спартак»ни алоҳида айтган бўлардим. «Зарафшон», «Сурхон», «Орол», «Хоразм» умуман ўзига яраша яхши клублар бор.

- “Машъал” сафида кимларнинг ўйини сизга маъқул келмоқда?
- Бирорта футболчини яққол ажрата олмайман. Жаҳонгир Абдумўминов, Ихтиёр Тошпўлатов, Жамшид Ҳасанов каби футболчилар ижобий томонга ўзгаришган. Саламат Қутибоев бир ярим йил жароҳатини даволагач, ҳозир ўзини жуда яхши ҳис қиляпти. Шерзод Файзиев ҳам ўзига ишониб ўйнаяпти. 23 нафар футболчини рўйхатдан ўтказган бўлсак, барча ўзини кўрсатиш ва асосий таркибга кириш учун ҳаракат қиляпти. Ҳамма футболчиларимиз мақтовга лойиқ. Масалан, дарвозабон Санжар Қувватов ҳар сафар бизга ёрдам беряпти.

- Бош мураббий Александр Хомяковнинг ишига қандай баҳо берасиз?
- Мақсадимиз фақат ғалабалардан иборат эмас. Ихтиёримиздаги ёшларни тўғри тарбиялаш ва улардан яхши футболчи чиқаришдир. Умуман мураббийлар бу борада яхши иш олиб боришяпти.

- Биринчи лига савияси сизга маъқул келяптими?
- Ўйин бўйича қарайдиган бўлсак, савия ёмон дея олмайман. Шарт-шароитларга келсак, клублар имконият даражасида ҳаракат қилишмоқда. Лекин оқсаш бор. Жамоалар имконият борича фойдаланишга ҳаракат қилишяпти. Аммо ўйинлар савиясини кучсиз дея олмайман.

- Бу йил энди 30 ёшни қарши олдингиз. Иш давомида қийинчиликлар бўлиши турган гап. Бундай паллада кимлар ёрдам беряпти?
- Бизда футбол яхши тушунган мураббийлардан Марат Мифтахутдинов бор. У киши тажрибали мутахассис. Вақти-вақти билан фикр алмашиб турамиз. Александр Хомяков ҳам анчадан бери «Машъал»да фаолият кўрсатяпти ва жамоанинг барча бўғинини яхши билади. У ҳам маслаҳатлари билан ўртоқлашиб туради. Биз ахир жамоа бўлганимиз учун барчамиз ҳамжиҳатликда ишлаб келяпмиз.

- Иккинчи босқич олдидан «Машъал» таркибида қандай ўзгаришларни кўришимиз мумкин?
- Айрим қобилиятли ёшларни кўз остимизга олиб қўйганмиз. Балки уларни чақириб синовдан ўтказармиз. Агар бизга маъқул келса жамоада олиб қолишимиз мумкин. Отабек Шукуров билан Шоҳжаҳон Аббосов ўсмирлар терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бундан кейин уларнинг йиғини янада кўпроқ бўлади. Шукуров асосий таркиб ўйинчиси бўлгани учун ўрнига бирорта ўйинчи олишимиз мумкин.

- «Машъал» билан «Андижон» ўз минтақасида яққол пешқадамлик қилмоқда. Ҳеч ким бу жамоаларнинг олий лигага чиқишига шубҳа қилмаяпти. Сиз ҳам шу фикрдамисиз?
- Бу – футбол, бу – ўйин. Қаранг, миллий терма жамоамиз тўғридан тўғри Бразилияга боришга жуда яқин келганди. Афсуски, яна плей-офф ўйинларида қатнашадиган бўлдик. Биз ҳам мавсум ярмида туриб олий лигага чиқиб бўлдик дея олмаймиз. Фақат йил охиридагина мақсадимизга эришдик деб айта оламиз. Лекин бундай дейишга ҳали эрта. Вазифа тўлиқ бажарилмагунча бўшашишга ҳаққимиз йўқ.

- Клубда молиявий томондан муаммолар борми? Футболчиларга ойлик маошлар вақтида бериляптими?
- Молиявий ҳолатимиз ўтган йилгига нисбатан анча яхши. Қарзларни деярли узиб бўлдик. “Машъал” клуби ҳеч қачон футболчиларни алдамайди. Жамоа қаровсиз қолгани йўқ, ҳамиша раҳбарият эътиборида. Клубимиз президенти Шермат ака Шамсиев ҳар ойда футболчилар билан йўқ деганда икки марта учрашиб, ҳол-аҳвол сўраб туради. Олий лигага қайтиш учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қиляпмиз.

Манба: www.fcmashal.uz
Киритилди: 15:42, 26.06.2013.
Ўқилди: 4375 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.