Кириш Регистрация
21/05 19:00 Бунёдкор 3-2 Локомотив
23/05 23:45 Кальяри - Фиорентина

«Локомотив» 1-ўринга кўтарилиб олди

Баҳо:
+ | -

Ўз майдонида "Бунёдкор" ва "Пахтакор"ни мағлуб этган "Олмалиқ" ва пешқадамлар сафида бораётган "Локомотив" жамоалари ўртасидаги баҳсга қизиқиш юқори эди. Олмалиқликлар бекорга кучли рақиблардан очко тортиб олишмаётганини исботлашди.

Учрашув тезкор руҳда бошланди. Жамоалар тўпни ортиқча ушлаб ўтирмасдан, ҳужумга ўтишга ҳаракат қила бошладилар. Айниқса, Шквирин шогирдларининг қисқа масофаларда тўпни бир-бирларига ошириб, ҳужумга ўтишга интилишлари эътиборга молик. Темирйўлчиларнинг ҳужумлари эса асосан қанотлардан уюштирилди.

Акмал Холматов ўз қанотидан етказиб берган тўпни Фарҳод Тожиев ўйиннинг 8-дақиқасида дарвозага йўллай олмади. Шунингдек, терма жамоа ҳужумчиси жуда кўп вазиятларда ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди.

"Олмалиқ" тўпни чиройли назорат қилди, кўп вазиятларда мезбонларни тўпсиз югуришга мажбур қилди. Аммо ҳужум чизиғида тез очиладиган футболчи топилмади. Шу боис улар асосан тўпни узоқдан йўллаш пайида бўлишди.

Биринчи бўлим тугашига 5 дақиқа қолганида Фарҳод Тожиев 15 метрдан дарвоза томон аниқ зарба йўллай олмади. Жамоалар танаффусга чиқиб кетиш арафасида Дилшод Жабборов тўпни дарвозабон устидан ошириб қўймоқчи бўлиб, бироз мўлжалда адашди.

Ўйиннинг 58-дақиқасига келиб, ҳисоб очилди. Санжар Турсунов ўнг қанотдан етказиб берган тўпни Холматов эгаллаб олди ва Тожиев билан девор ўйнаб ён томонга очилди. Акмал тўпни яна жарима майдончасига ичига оширди, Фарҳод эса дарвоза томон бош билан зарба берди. Тўп дарвоза тўсини орқали ерга қайтиб тушдию, бироқ дарвозабон Шомуродовнинг белига тегиб, дарвоза чизиғини кесиб ўтди.

Голдан 5 дақиқа ўтиб Иван Нагаев ўнг қанотдан тўп билан очилди ва чап қанотда жарима майдончасига ёлғиз югуриб келаётган Тожиевга  тўпни бир ҳимоячидан ўтказиб бера олмади.

Ўйиннинг 72-дақиқасида Иван Нагаев меҳмон ҳимоячиларининг "совға"дан фойдалана олмади. Тезкор ҳужумчи жарима майдончасигача тўп билан югуриб бордию, аммо туркманистонлик дарвозабонни доғда қолдира олмади. Шомуродов тўпни қайтариб қолди.

Захирадан майдонга тушган Зафар Полвонов ҳисобни тенглаштиришига сал қолди. Акмал Рустамов томонидан етказиб берилган тўпга Полвонов 10 метрлардан бош билан зарба йўллаганди. Тўп дарвоза устидан ўтиб кетди.

Ўйин тугашига 4 дақиқа қолганида Акмал Холматов чиройли узатма билан Нагаевни дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқарди, бироқ Иван дарвозанинг олис бурчагини нишонга олишда хатога йўл қўйди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Шквирин шогирдлари ҳисобни тенглаштириш олдинга интилишди. Қарши ҳужумда эса Санжар Турсунов олмалиқларни жазолашига бир баҳя қолди. Дарвозабон Мақсатмурод Шомуродов реакция кўрсатиб, тўпни эгаллаб олди.

"Локомотив" иккинчи бўлимда ўз ўйинини кучайтиргани эвазига ғалаба қозонганини таъкидлаш лозим.

Эртага бўладиган "Пахтакор" - "Бунёдкор" ўйини олдидан "Локомотив" 1-ўринга кўтарилиб олди. Темирйўлчилар "қалдирғочлар"ни 1 очкога ортда қолдиришмоқда.

ОЛИЙ ЛИГА-2013. 12-ТУР
"ЛОКОМОТИВ" - "ОЛМАЛИҚ" - 1:0 (0:0)
Гол: Ф.Тожиев (59)
Огоҳлантиришлар: Иван Нагаев (56) — Салим Мустафоев (19), Мақсатмурод Шомуродов (37)
"Локомотив": 1. Павел Бугало, 8. Акмал Холматов, 10. Фарҳод Тожиев (Жасур Ҳасанов 85), 17. Салим Мутафоев, 19. Ислом Иномов, 20. Ислом Тўхтахўжаев, 22. Шерзод Шарипов, 23. Иван Нагаев, 29. Виктор Карпенко (Садриддин Абдуллаев 72), 30. Дилшод Жабборов, 77. Санжар Турсунов
"Олмалиқ": 1. Мақсатмурод Шомуродов, 2. Темур Кагиров, 3. Азамат Исроилов, 5. Евгений Гоголь, 7. Достон Абдураҳмонов, 11. Зоҳир Пиримов (Маъруфжон Муродов 76), 13. Игорь Петкович, 14. Исроилжон Эргашев (Акмал Рустамов 46), 20. Дарко Станоевич, 21. Шаҳбоз Эркинов (Зафар Полвонов 59), 22. Санжар Шоаҳмедов.
Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент), Х.Шодмонов (Бухоро), А.Цапенко (Тошкент. вил.), Р.Копадзе (Фарғона).
Назоратчи: Ф.Абдуллаев (Тошкент).

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:36, 28.06.2013.
Ўқилди: 3927 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.