Ёшлар лигасининг 12-турида Зарафшоннинг “Қизилқум” жамоасини қабул қилган ёшларимиз сўнгги дақиқаларида бош ҳакамнинг қўпол хатоси эвазига ғалабадан маҳрум бўлди.
Учрашувнинг 24- дақиқасида “Қизилқум” ёшларининг тезкор қарши ҳужуми гол билан якунланди. Наврўзбек Алимов “Насаф” жарима майдончасига кирар-кирмас яқин бурчакка ўта кучли зарба йўллади. Алибек Туробов тўпни қайтаришга ҳар қанча уринмасин зарба голга айланди. Орадан ҳеч қанча ўтмай Аннаматов шогирдлари мувозанатни тиклашди. Бойматов-Убайдуллаев комбинациясидан кейин Элдор рақиб посбони билан бирга вазиятга чиқиб борди ва унга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 1:1.
Иккинчи бўлимда Аннаматов майдонга янги кучларни туширгач, ташаббус тўла-тўкис мезбонлар томонига ўтди. Бир вазиятда Лазиз Убайдуллаев яқин масофадан туриб дарвозага боши билан ноаниқ зарба берган бўлса, кейинчалик Азиз Маликов дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиб бориб, имкониятдан фойдалан олмади. Яна бир вазиятда эса “Қизилқум” дарвозасига кириб бораётган тўпни кутилмаганда Жавоҳир Ашуров қайтариб қолди...
81-дақиқага келиб ниҳоят Лазиз Убайдуллаевнинг чамаси 25 метрлардан йўллаган зарбаси химоячилардан бирига тегиб яқин бурчакка йўл олди- 2:1. Учрашув шу ҳисобда якунига етаётган бир пайтда кутилмаганда учрашувни бошқариб бораётган ҳакам Абдураҳмон Мўминов қўпол хатога йўл қўйди. Ҳимоячимиз Сарвар Холмуродов рақибдан тўпни олиб қўйиб ҳужумни бошлаётган бир пайтда кутилмаганда дарвозамиз томон 11-метрлик жарима тўпи белгилади. Кейинчалик ўйин видеоёзувини такрор-такрор кўргач ҳам бу вазиятда ҳакам қайси қоидага асосан пеналти белгилагани на мухлислар, на учрашув назоратчиси тушуна олмади. 11-метрлик жарима тўпини эса “Қизилқум” аъзоси Зайниддин Комилов амалга оширди. Унинг дарвозабонинг пастки ўнг бурчагига йўллаган зарбасини Алибек Туробов қайтаришга ҳар қанча уринмасин тўп дарвозадан жой олди – 2:2.
Ёшлар лигаси. 12-тур.
“Насаф” – “Қизилқум” 2:2 (1:1)
28.06.2013. Қарши шаҳри. “Насаф” стадиони.
Ҳакамлар: Абдураҳмон Мўминов, Артём Калинин, Фарҳод Усмонов, Комилжон Расулов.
Назоратчи: Г.Имомов.
“Насаф”: 43. Алибек Туробов. 2. Шерзод Аъзамов, 4. Мирзамурод Жўрабоев, 9. Элдор Бойматов(18. Улуғбек Дадабоев, 54), 11. Санжар Баратов (17. Обид Мамотов, 62) 13. Тоҳир Абдураззоқов, 16. Дониёр Нарзуллаев (8. Жавоҳир Ашуров, 60), 19. Лазиз Убайдуллаев, 23. Жамолиддин Машарипов (10. Азизбек Маликов, 46), 24. Нажмиддин Нормуродов, (6. Шаҳзод Очилов, 89) 25. Сарвар Холмуродов.
“Қизилқум”: 92. Равшан Меҳмонов, 2. Маъруф Юнусов, 30. Зайниддин Комилов, 5. Севдиёр Ҳамроқулов, 7. Маъруф Тиллаев (25. Холмўмин Довронов, 77), 8. Руслан Ғофоров (4. Миржалол Қосимов, 70), 9. Баҳодир Қосимов, 10. Сунатилло Тошпўлатов. 11. Наврузбек Алимов, 23. Саиджон Ҳайитов, 28. Тўрабек Туробов.
Голлар: Алимов Наврўзбек, 24 -0:1, Элдор Бойматов, 28 1:1, Лазиз Убайдуллаев, 81 – 2:1, Зайниддин Комилов, 90-пен – 2:2.
Огоҳлантириш: М.Тиллаев (35), А. Маликов (57).