Биринчи лиганинг навбатдаги турини ўз майдонида ўтказган Муборакнинг “Машъал” жамоаси “Шердор” устидан йирик 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Бу ўйинда майдон эгалари бош мураббийи Александр Хомяков асосий таркибнинг беш нафар футболчисига дам беришга қарор қилди. Булар – Санжар Қувватов, Зоҳир Қўзибоев, Шерзод Файзиев, Жамшид Ҳасанов ва Жаҳонгир Абдумўминов.
Шунга қарамай, майдонга тушган бошқа йигитлар ўзларига топширилган вазифани уддалаб, “Шердор”ни йирик ҳисобда таслим қилишди. Ўйиннинг 33-дақиқасига келиб ҳисоб очилди. Бу вазиятда ўнг қанотдан етказиб берилган тўпни Ихтиёр Тошпўлатов рақиб дарвозасига жойлади. Учрашувдаги қолган голлар эса иккинчи бўлимда киритилди.
Аввалига Элдор Шомуродов ўз ўрнини шериги Шоҳжаҳон Аббосовга бўшатиб беришдан олдин ҳисобни 2:0га етказди. У Аббос Шодмоновнинг узатмасини голга айлантирди. Кейинчалик захирадан майдонга тушган Баҳодир Муртазоев ўзини кўрсатди. У дарвозабонни ҳам алдаб ўтган ҳолда тўп киритди – 3:0. Қизиғи шунадки, “Машъал”нинг тўртинчи голига ҳам захирадан ўйинга қўшилган футболчи муаллифлик қилди. Яъни, Виктор Клишин ўзининг тезкорлиги эвазига жарима майдончаси ичига кириб бориб, дарвозанинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди – 4:0. Ва ниҳоят, ўйиннинг охирларига келиб меҳмонлар гол уришди. Бу вазиятда “Шердор” сардори Бахтиёр Очилов ҳимоячиларнинг хатосидан фойдаланиб ҳисобни бироз бўлса-да қисқартирди. Шу тариқа “Машъал” навбатдаги баҳсни ҳам ўз фойдасига ҳал этиб, ҳисобидаги очколар сонини 53тага етказиб олди.
Биринчи лига. 19-тур. 28 июнь.
МАШЪАЛ – ШЕРДОР – 4:1
“Машъал”: Ўткир Юсупов, Искандар Шайқулов, Шаҳзод Шайманов, Элдор Шомуродов, Рустам Аъзамов, Ихтиёр Тошпўлатов, Акбар Ҳотамов, Холмурод Холмуродов, Аббос Шодмонов, Саламат Қутибоев, Сирожиддин Раҳматуллаев.
Захирадан тушганлар: Виктор Клишин, Баҳодир Муртазоев, Шоҳжаҳон Аббосов, Отабек Шукуров, Мирзоҳид Ғофуров.
Голлар: И.Тошпўлатов, Э.Шомуродов, Б.Муртазоев, В.Клишин – Б.Очилов.