Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев Уругвай терма жамоасини чиройли ғалаба билан табриклади.
29 июнь, шанба куни Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси U-20 ЖЧ-2013 «F» гуруҳи 3-тур учрашувлари доирасида Анталиянинг Акдениз университети стадионида Уругвай терма жамоасига қарши майдонга тушди. Ўзбекистон ёшлари учун омадсиз келган баҳсда Уругвай ёшлар терма жамоаси 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Уругвай терма жамоасини бугунги чиройли ғалаба билан табриклайман. Рақибимиз бугун биздан кўра яхшироқ ўйин кўрсатди ва ҳақли равишда ғалаба қозонди», - деди Аҳмаджон Мусаев.
Уругвайга қарши учрашувнинг биринчи бўлими ўрталарида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг етакчи марказий ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров жиддий жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Айнан Искандеров майдонни тарк этганидан сўнг уругвайлик футболчилар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Бироқ бош мураббийнинг фикрича, ушбу мағлубиятда Искандеровнинг майдонни эрта тарк этгани ҳал қилувчи роль ўйнагани йўқ.
«Уругвай терма жамоаси ўйинга яхшироқ тайёргарлик кўрганини бутун ўйин давомида намойиш эта олди. Рақибимиз бизни ҳар жабҳада мағлубиятга учратди. Қайсидир маънода, Уругвай бугун бизга қандай ўйнаш кераклиги борасида дарс берди. Шогирдларим ёмон ўйнади, демоқчи эмасман. Модомики, шогирдларим ёмон ўйнаган экан, бу фақат ва фақат менинг хатоим», - деди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев.
Эслатиб ўтамиз, Уругвай терма жамоасига қарши ўйинда қайд этилган йирик мағлубиятга қарамай, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси муддатидан аввал нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритиб улгурган.