Испаниянинг "Реал Сосьедад" клуби шарафини ҳимоя қилаётган япониялик вингер Такефуса Кубо Англиянинг "Эвертон" клуби қизиқишлари доирасига тушиб қолди. Бу ҳақда Liverpool World нашри хабар бермоқда.
Сан-Себастьянлар президенти Хокин Аперрибай ушбу маълумотга қуйидагича муносабат билдирди:
"Кубо, Браис Мендес ва Алекс Ремиро ҳақида миш-мишлар бор. Улар бўйича таклифларимиз йўқ. Бозор шовқини? Бозор шовқини нималигини билмайман".
Жорий мавсум оралиғида "Реал Сосьедад"ни 65 миллион евро эвазига Лондоннинг "Арсенал" клуби футболчисига айланган Мартин Субименди тарк этди.
24 ёшли Кубо ўтган мавсум клуб миқёсида 52 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Унинг нархи 30 миллион еврога баҳоланмоқда.













