Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси 30 июнь куни «Газиантепспор» клубига қарашли Жалол Дўған машғулотлар базасида шуғулланди.
Туркияда давом этаётган ёшлар ўртасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси 30 июнь куни икки гуруҳга бўлинган ҳолда машғулотлар олиб борди.
Гуруҳ босқичи доирасидаги дастлабки уч ўйинда мунтазам майдонга тушган футболчилар гуруҳи терма жамоа Газиантеп шаҳрида жойлашган «Dedeman» меҳмонхонасида қолиб, тикланиш машғулотларини ўтказишди, меҳмонхона сув ҳавзасида шуғулланишди. Бундан ташқари, ушбу футболчилар салкам бир соат давом этган назарий машғулотларда ҳам иштирок этиб, гуруҳ босқичидаги ўйинларни таҳлил қилиб чиқишди.
Гуруҳ босқичи учрашувларида асосан захирада қолган футболчиларнинг иккичи гуруҳи «Газиантепспор» клубига қарашли Жалол Дўған машғулотлар базасида шуғулланди. Машғулотларни катта мураббий Алексей Евстафеев, мураббий Олим Шокиров ва дарвозабонлар мураббийи Марат Галимов олиб борди. Машғулотларда асосий эътибор техник-тактик тайёргарлик, тўп билан ишлашга қаратилди.
1 июль куни Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси бўлажак рақиб – Греция ёшлар терма жамоасининг ўйинларини ўрганишга қаратилган назарий ҳамда 2 июль куни ўтказиладиган ўйинга муносиб тайёргарлик кўриш учун амалий машғулотлар ўтказишни режалаштирган. Таркибда Уругвайга қарши ўйинда жароҳат олган Жамшид Искандеровдан бошқа йўқотишлар йўқ.
Шунингдек, 1 июль куни Ўзбекистон ва Греция ёшлар терма жамоалари менежерлари иштирокида митинг, шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси 2 июль, сешанба куни Газиантепдаги Комил Ўжак номли стадионда U-20 ЖЧ-2013 нимчорак финал босқичи ўйинлари доирасида Греция ёшлар терма жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан 20:00да бошланади.