"Ливерпуль" Чемпионлар Лигаси умумий босқич 1-туридан ўрин олган баҳсда Мадриднинг "Атлетико" жамоасини мағлуб этди (3:2).
Учрашувнинг 4- ва 6-дақиқаларидаёқ Эндрю Робертсон ҳамда Муҳаммад Салоҳ меҳмонлар дарвозасини ишғол этишган бўлса-да, "матрасчилар" 45 ва 81-дақиқаларда Маркос Льорентенинг киритган голлари билан жавоб беришди. Учрашув тақдири 92-дақиқада Виржил ван Дейкнинг голи эвазига ҳал бўлди. Айнан нидерландиялик ҳимоячи УЕФА томонидан учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди. "Қизиллар" сардори нафақат гол урди, балки саккизта дуэлда еттитасида ғалаба қозонди.
"Ливерпуль" кетма-кет бешинчи ўйинда ҳам сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетди. Шанба куни Арне Слот жамоаси Англия чемпионатида ўз майдонида "Эвертон"га қарши баҳс олиб боради.













