«Манчестер Сити» Англия чемпионатининг 7-турида «Брентфорд»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу натижа Хосеп Гвардиола учун АПЛдаги 250-ғалабаси бўлди.
Испаниялик мутахассис бу кўрсаткичга 349 ўйинда эришди — бу Англия чемпионати тарихи учун рекорд натижа ҳисобланади. Бу ҳақда клубнинг расмий сайти хабар берди.
Бундан аввалги рекорд "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ бош мураббийи Алекс Фергюсонга тегишли эди — у 250 ғалабага 404 ўйинда эришган.
Учинчи ўринни эса «Арсенал»ни бошқарган Арсен Венгер эгаллаб турибди — у бундай натижага 423 учрашувда етган.
Бундан ташқари, Гвардиола АПЛда энг юқори ғалаба фоизи (71,6%) кўрсаткичига ҳам эга. Иккинчи ўринда — Алекс Фергюсон (65,2%), учинчида эса «Челси» ва «Тоттенҳэм»ни бошқарган Антонио Конте (62,9%) жойлашган.













