Давралар оралиғидаги қисқа танаффусдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётган «Локомотив» жамоаси аъзолари машғулотлар билан бир қаторда назорат-синов ўйинларига ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда. Бу жамоада кўрикдан ўтаётган футболчилар кўздан кечирилиши учун сабаб бўлмоқда. Темирйўлчилар сафида ҳам айни дамда бир қатор янги футболчилар кўрикдан ўтишмоқдаки, «Бухоро» клубига қарши кечган ўртоқлик ўйини мураббийларга ана шу ўйинчиларни амалда кўриб олиш имконини берди.
«Локомотив» жамоаси мураббийлари бухороликларга қарши ташкил этилган назорат-синов учрашувининг биринчи бўлимида асосий таркиб футболчиларини майдонга туширди. Фақат, ҳимоя чизиғининг чап қанотини кутилмаганда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати иштирокчиси Сардор Рахмонов эгаллади. Яхши шаклланган таркиб майдонда ташаббусни ўз қўлига олди ва меҳмонлар дарвозаси олдида кўплаб ҳужумлар ташкил этишди. Аммо, кўп сонли ҳужумларни самарали якунлашда темирйўлчиларга аниқлик етишмади. Аксинча, «Бухоро» жамоаси аъзолари биргина вазиятдан унумли фойдаланишди. Бурчакдан ўйинга киритилган тўпни ҳаммадан баланд сакраган Воҳид Шодиев дарвозага аниқ йўллади ҳамда жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 0-1 ҳисоби танаффусгача ўзгармай қолди.
2-тайм аввалида «Локомотив» таркибида катта ўзгаришлар бўлди. Майдонга бир йўла 9 нафар янги футболчилар туширилди. Ўзгаришлар тезда ўз самарасини берди. Рахматуллаев тўпни қанотдан олдинга интилган Иброҳим Рахимовга аниқ етказди. У эса жарима майдони ичида Шадринни топа билди ва Сашанинг аниқ зарбасидан кейин ҳисоб тенглашди. Бундан руҳланган темирйўлчилар ўйин суръатини оширишди. Айниқса, Холматов, Рахматуллаев, Шадрин ва Смоляченколар фаоллиги билан ажралиб туришди. 58-дақиқада Акмалнинг олис масофадан йўллаган кучли зарбаси дарвоза устунидан қайтди ва дарвозабоннинг елкасига тегиб яна устун орқали дарвоза чизиғини кесиб ўтди – 2:1. 60 ва 77-дақиқаларда Шадринни очиқчасига қўполлик билан тўхтатиб қолишгани учун «Бухоро» дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбалари белгиланди. Ҳар икки вазиятда Рахматуллаев пенальтини аниқ бажарди ва «Локомотив»га йирик – 4:1 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.
«Локомотив» - «Бухоро» - 4:1 (0:1). «Дўстлик» стадиони.
Ҳакам: М.Мухамедов.
Голлар: А.Шадрин (48), А.Холматов (58), Д.Рахматуллаев (60-пен.,77-пен.) – В.Шодиев (36).