Хорватия терма жамоаси яримҳимоячиси ва сардори Лука Модрич Россияда бўлиб ўтган 2018 йилги жаҳон чемпионати олдидан миллий жамоа сафидаги шериклари Марио Манжукич ва Ведран Чорлука билан юзага келган келишмовчиликлар ҳақида сўзлади.
«Сардор бўлганимда айрим ўйинчилар билан келишмовчиликларим бор эди, улар билан кўп нарсани бошдан кечиришга тўғри келди. 2018 йилги жаҳон чемпионати бутун авлод учун сўнгги имконият деб ҳисоблангани сабабли, улар шунчаки рақам эмас, балки асосий қаҳрамонлар эди. Мен Манжукич билан бир йил давомида умуман гаплашмаганман, аммо мусобақага тайёргарлик пайтида у билан гаплашиб олдик ва муаммоларни ҳал қилдик. Аслида у катта масала ҳам эмас экан. Иккимиз ҳам вазиятни ўз ҳолича қолдириб қўйганмиз, ҳал қилолмайдиган муаммодек кўринган нарса аслида майда-чуйда бўлиб чиқди. Чорлука билан ҳам шунақа: айрим гаплари менга ёқмаган эди. Телефон орқали бир оз гаплашдик, аммо охир-оқибат барчасини шахсан ҳал қилдик. Мен бу муаммолардан халос бўлиб, жаҳон чемпионатига соф фикр билан йўл олдим. Ичимда бизга улкан нарса насиб этиши ҳақида бир ҳис бор эди», — дея Модричнинг сўзларини Index.hr келтиради.
ЖЧ-2018да Хорватия терма жамоаси финалгача етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда Франция жамоасига мағлуб бўлган эди. Олдинроқ Лука Модрич 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида бешинчи марта иштирок этиши мумкинлиги хабар қилинганди. Модрич миллий жамоа учун 190 та ўйин ўтказган ва бу кўрсаткич бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади.













