Қирғизистон футбол иттифоқи матбуот хизмати маълум қилишича, Қирғизистон терма жамоасининг янги бош мураббийи сифатида «Реал» ва «Барселона»нинг собиқ футболчиси, Хорватия терма жамоаси сафида ЖЧ-1998нинг бронза медали соҳиби Роберт Просинечки тайинланди.
56 ёшли мутахассис билан тузилган шартнома бир йил ва бир ой муддатга мўлжалланган. Агар Қирғизистон терма жамоаси Осиё Кубоги-2027да муваффақиятли иштирок этса, шартнома яна уч йилга узайтирилиши мумкин.
Просинечкининг охирги иш жойи Черногория терма жамоаси бўлган. Унгача у Босния ва Герцеговина, Озарбайжон миллий жамоаларини, шунингдек «Црвена Звезда» ва «Қайсериспор» клубларини бошқарган.
ЖЧ-2026 саралаш босқичида Черногория хорват мутахассиси қўл остида Хорватия, Чехия, Фарер ороллари ва Гибралтар жойлашган гуруҳда 4-ўринни эгаллади.













