Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов бугун сотувга чиққан "Футбол Экспресс" газетасига берган интервьюсида баъзи сайтларда (уларнинг аксарият қисми Stadion.uz'да) эълон қилинган мақолаларни "заказной" деб атади ва ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаевни "кампаниявозлик" учун шароит яратиб берганликда айблади. Мураббийнинг фикрича, мақолаларда Қосимовнинг фақат "минус"лари ёзиляпти, унинг ижобий томонларини ҳеч ким "кўрмаяпти".
"Мен танқидга ҳар доим тўғри муносабатда бўлиб келганман", дейди М.Қосимов. "Аммо шахсиятга тегадиган гап-сўзлар ёзилса, буни асло қабул қилолмайман. Биласизми, нимадан жаҳлим чиқади? Бизда кўпчилик терма жамоа машғулотига, ўйинига келмай туриб, қандай шароитларда яшаётганимизни билмай туриб, телевизорда ўйинни кўради-ю, ютқазиб қўйсак дарров танқид қилишга тушади. Бунинг устига баъзилар шахсиятга тегадиган гапларни ҳам ёзишади. Яна қайтариб айтаман, агар жаҳон чемпионатига чиққанимизда мендан зўри бўлмасди, тўғрими? Ҳозирги танқидларни ўқир эканман, буларнинг бари атайлаб уюштирилмоқда деган фикрдаман. Қаранг, 18 июнь куни Қатар билан ўйнаган бўлсак, 19 июндан бошлаб давом этиб келаётган танқидий мақолалар бирма бир таҳлил қилиб чиқилса, буларнинг ҳаммаси уюштирилган, “заказной” эканлиги маълум бўлиб қолади. Негадир то ҳозирги кунгача фақат минус томонлар ёзиляпти. Танқидчи эса масаланинг ижобий томонини ҳам кўра билиши лозим".
Миржалол Қўшоқович журналистларнинг терма жамоа ўйинларини таҳлил ва танқид қилиши нотўғри деб ҳисоблайди. Аслида бу ишни журналистлар эмас, мураббийлар қилиши лозим деб ўйлайди.
"Бир нарсага ҳайрон қоламан, бизда кўплаб мураббийлар, футбол фахрийлари, вақтида терма жамоани елкасида кўтариб юрган собиқ футболчилар бор, нега шуларнинг фикри билан биров қизиқмайди? Мураббий – мутахассис дегани, майли мендан интервью олишмасин, лекин бошқа мураббийлар билан терма жамоа хусусида суҳбатлашса бўлади-ку. Ҳозир ёппасига мени ва терма жамоани танқид қилаётганлар гўёки ўзларини мутахассисдек тутиб гапиришмоқда. Мен ҳеч кимга оппоқман, беайбман демоқчи эмасман, хато қилдимми, буни тан оламан ва хатони тузатиш устида ишлайман", дейди терма жамоа бош мураббийи.
Мутахассис журналист томонидан берилган "сизни танқид қилишаётган, керак бўлса, шахсиятга тегадиган гапларни ёзишаётган экан, унда нима учун ЎФФ матбуот котиби сизни ҳимоя қилмаяпти?", деган саволига жавоб берар экан, Санжар Ризаевни шахсий ғаразни терма жамоа манфаатидан устун қўйганликда айблади.
"Бу ҳолни мен қуйидагича қабул қилдим. Хитойда эканлигимизда бир воқеа содир бўлди. Аммо уни кенг жамоатчиликка дастурхон қилиб ёймоқчи эмасман. Фақат бир жумла билан тушунтираман: терма матбуот котиби ўз шахсий муаммосини жамоа режасидан устун қўйди ва натижада мен бош мураббий сифатида бунга кескин муносабатда бўлдим. Шундан кейин у нафақат мени ҳимоя қилиш, балки менга қарши “кампания” бошланишига ҳам шароит яратиб берди. Бор гап шу. Майли, у мени ҳимоя қилмасин, лекин терма жамоани матбуот орқали ҳимоя қилиш унинг иши-ку. Хуллас, терма жамоа тўғридан тўғри жаҳон чемпионатига чиқа олмаганидан кейин ўтган бир ой ичида кимнинг қанақа одамлигини яққол ажратиб олдим. Ризаев Хитой ва Кореяда биз билан бирга юрди, қандай вазиятларга тушганимизни ўз кўзи билан кўрди. Лекин қайтиб келганимиздан бери бу борада лом-мим демади. Бемалол айтишим мумкин, жаҳон чемпионатига боришни ҳеч ким бизчалик кўп хоҳламаган эди", дея вазиятга изоҳ беради мураббий.
Миржалол Қосимов бир вақтнинг ўзида ҳам миллий терма жамоа, ҳам "Бунёдкор"да бош мураббий вазифасини бажариб келади. Бу ҳолат эса мухлислар ва мутахассислар (Р.Инилеев) эътирозига сабаб бўлмоқда. Унинг фикрича, бу ҳолат ЎФФни қониқтиряпти.
"Менинг “Бунёдкор” билан шартномам бор. Қолаверса, ЎФФ раҳбариятини ҳам, “Бунёдкор” раҳбарларини ҳам икки жойда ишлаётганим қониқтиряпти. Ўзимга қолса жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритганимизда “Бунёдкор”дан бўшаб, фақат терма жамоа учун ишлаш ниятим бор эди. Шундай экан, кейинчалик нима бўлишини вақт кўрсатади", дейди "қалдирғочлар" бош мураббийи.
Шунингдек, М.Қосимов Қатарга қарши ўйиндан кейин "қалдирғочлар" иштирокидаги ўйинлардан кейинги матбуот анжуманларига кирмай қўйди. Миржалол Қўшоқовичнинг фикрича, регламентнинг шундай бандини бузаётган мураббийлар кўп, аммо кўпчиликнинг кўзига фақат у кўриняпти.
"Қатар билан ўйиндан кейин гарчи йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиз мен учун жуда қаттиқ руҳий зарба бўлди. Шундан сўнг ўзимга ўзим биринчи давра тугагунча ўйиндан кейинги матбуот анжуманларига бормай тураман дедим. Сабаби шу. Олий лиганинг ҳар бир ўйинидан кейин матбуот анжумани ўтказиляпти дея оламизми? Ҳозир гапирсак гап чиқаверади. Шундай бўляптики, баъзи клубларда нуқул ёрдамчи мураббийлар интервью беришади, лекин биров миқ этмайди. Ҳайронман, нима учундир ҳамма фақат мени кўради. Айтганимдек, вазифа бажарилмагани менга қаттиқ таъсир қилди ва шу боис ҳам биринчи давра тугагунча матбуот анжуманига кирмай турдим", дейди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов.