“Реал Мадрид” Испания собиқ ҳакамлар техник қўмитаси (CТА) вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейрага амалга оширилган тўловлар сабаб “Барселона” томонидан етказилган зарар учун кўп миллионли компенсация талаб қилиб судга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда АС нашри хабар берди.
Мадрид клуби фикрича, ушбу ҳаракатлар “мусобақаларнинг асл моҳиятини бузган ва тушунарсиз қарорлар орқали уларни сохталаштиришга олиб келган”.
Маълумот учун, 2023 йилда “Барселона” ва унинг раҳбариятига Испания Қироллик футбол федерациясида (RFEF) фаолият юритган, ҳакамлар техник қўмитаси (CТА) собиқ вице-президенти Хосе Негрейрага ўтказиб берилган маблағлар бўйича порахўрлик айбловлари қўйилган эди. Суд “Барселона” томонидан 2001–2018 йиллар оралиғида Негрейрага бир неча миллион евро тўлангани жиноят аломатларига эга, деб топган.
Аввалроқ Мадриднинг “Реал” клуби “Негрейра иши” бўйича суд жараёнида хусусий айбловчи сифатида иштирок этаётгани ҳақида хабар қилинган эди. 12 декабрь, жума куни бўлиб ўтган суд мажлисида “Реал” юристлари “Барселона” президенти Жоан Лапортани сўроқ қилишди.
“Қаймоқранглилар” ҳуқуқшунослари Лапортадан ҳакамлар техник қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Негрейрага тўловларнинг 800 фоизга оширилиш сабаблари, Негрейранинг ўғли “кўк-анорранглилар” учун ҳакамлар ҳисоботларини тайёрлашда иштирок этгани, “Барселона” тўловларни нега солиқ органларидан яширгани ва уларнинг асл келиб чиқиши ҳақида саволлар беришган.













