Хаби Алонсо "Ливерпуль"да Арне Слотнинг ўрнини эгаллаши мумкин. Мерсисайдликлар нидерландиялик мутахассис қўл остида иккинчи мавсумда ўз ўйинини топа олмаяпти. Яқинда "Борнмут"дан учралган мағлубиятдан (2:3) кейин матбуотда "қизиллар"нинг ҳозирги бош мураббийи истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида яна гапира бошлашди. Унинг ўрнига икки ҳафта олдин "Реал"дан истеъфога чиқарилган Хаби Алонсо асосий номзод бўлиб турибди.
Бироқ, инсайдер Фабрицио Романонинг маълумотларига кўра, инглиз гранди ҳозирча испаниялик мураббий билан боғланмаган.
"Менда "Ливерпуль"нинг Алонсо агентлари билан расмий алоқалари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Хаби иложи борича тезроқ мураббийликка қайтмоқчи. "Ливерпуль"да уни таклиф қилишни аввал ҳам кўриб чиқишган ва албатта, ҳозир ҳам қадрлашмоқда. Агар клубда ўзгариш қилишга қарор қилинса, у номзод бўлиши мумкин, аммо ҳозирча бу ҳақда ҳеч нарса билмайман," - дейди мутахассис.
Чоршанба куни Арне Слот жамоаси Чемпионлар лигаси доирасида "Қорабоғ"га қарши баҳс олиб боради.













