Франциялик яримҳимоячи Н’Голо Канте Туркиянинг «Фенербахче» клуби билан тузган шартномаси тафсилотлари маълум бўлди.
Хавбек қишки трансфер ойнасида Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоасидан Суперлига клубига кўчиб ўтган. Sports Digitale нашри Х ижтимоий тармоғида хабар беришича, франциялик футболчи Истанбулда икки ярим йил ичида 40 млн евродан ортиқ маблағ ишлаб топади.
Манба маълумотларига кўра, Канте «Фенербахче»га ўтишда 14,4 млн миқдорида мукофот пули олган. 2025/2026 йилги мавсумнинг қолган қисми учун франциялик футболчи клубдан 5,5 млн евро олади. Кейинги икки мавсумда эса яримҳимоячининг йиллик маоши 11 млнни ташкил қилади.
Шу тариқа, футболчи турк клубида икки ярим мавсум давомида жами 41,9 млн евро маблағ ишлаб топади. Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонига кўчиб ўтишидан аввал Н’Голо Канте Англияда Лондоннинг «Челси» жамоаси шарафини ҳимоя қилган.













