Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бош мураббийи Мурод Исмоилов «Бунёдкор»га қарши Олий Лиганинг 15-туридан олган учрашувда кейин матбуот анжуманида иштирок этиб ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Бугун «Пахтакор»нинг 8 йилдан буён етолмаётган бир мақсади амалга ошди. Биз шунча вақтдан буён «Бунёдкор»ни мағлуб эта олмаётгандик ва бу иш бугунга келиб амалга ошди. Бу билан жамоамизнинг барча мухлисларини табрикламоқчиман. Бугун футболчиларимизи эрталабки машғулотларда суҳбат ўтказганимизда уларга бугунги учрашувда ғалаба қозона олишимиз мумкинлигига ишонтира олгандик. Улар буни уддалашди.
— Иккинчи ҳужумчини майдонга туширишингиз тактик ўзгаришмиди?
— Йўқ, мажбурий ўзгариш қилдик. Ўша вазиятдан олдин Ойбек Қиличев сариқ карточка олиб, бизни хавотирга солганди. Шунинг учун захирадан Солиевни тушириб, Сергеевни чап қанотга олдим.
- Шогирдларингиз иккинчи давранинг қолган учрашувларида ҳам худди бугунгидек барқарор ўйин кўрсата оладими?
- Агар бугунгидек ўз кучларига ишона олишса, албатта барқарор ўйнай оламиз. Шунингдек, давралар оралиғида сафимиз кучайди, жароҳатланганлар сафга қайтишди.
- «Пахтакор» аъзоларида бугунгидек руҳий устунликни нима сабабдан ҳар доим ҳам кузатмаймиз? Чемпионат фақат «Бунёдкор»га қарши ўйиндан иборат эмас.
— «Бунёдкор» биз билан ҳар доим ҳам ўйнайвермайди. Бу жамоага қарши ўзимизни кўрсатиш ўзгача иштиёқ бағишлайди. Имкон борича бундан кейин ҳам иштиёқни шу савияда олиб боришга ҳаракат қиламиз.